Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг мамлакат тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзига бағишланган ҳисоботида айтилади.
Умумий ташқи қарз ҳажми олти ойда 8,1 млрд долларга кўпайиб, 72,2 млрд долларга етди. Шундан давлат ташқи қарзи 36,8 млрд доллар (биринчи чоракда — 35,8 млрд доллар), корпоратив ташқи қарз 35,4 млрд долларни (32,6 млрд доллар) ташкил қилди. Биринчи ярим йилликда ташқи қарз ўсиши асосан корпоратив ташқи қарзлар ҳисобига рўй берди. Хусусан, йил бошидан бери давлат ташқи қарзи 2,9 млрд долларга, корпоратив ташқи қарзлар эса 5,2 млрд долларга кўпайди.
Маълумот ўрнида, мамлакатнинг ташқи қарз давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарзлардан иборат ҳисобланади. «Хусусий» секторда қайд этилганлар орасида асосан давлат улушдор бўлган компаниялар ва банклар бор (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эгалик қилади, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами миллиардлаб долларлик қарз қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» каби ташкилотлар эгаси ёки улушдорларидан бири ҳисобланади).
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил давомида умумий ташқи қарз 10,8 млрд долларга ошганди. Бу статистика юритила бошланган 2013 йилдан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Сўнгги марта мамлакатнинг ташқи қарзи юқори суръатларда пандемия давридаги 2020 йилда (9,2 млрд доллар) ва 2023 йилда (9,8 млрд доллар) кўпайганди.
Сўнгги йилларда давлат ташқи қарзининг ўсиш суръати бироз пасайди, бироқ корпоратив (хусусий) қарзларнинг кескин ўсиши кузатилмоқда.
Аввалроқ бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 3 июнь куни Олий Мажлис депутатлари олдида сўзлаган нутқида барқарор иқтисодий ўсиш шароитида Ўзбекистонга, жумладан, ташқи қарзлар ҳисобидан йирик инвестициялар кераклигини таъкидлаганди.
Жорий операциялар ҳисоби
2025 йилнинг дастлабки олти ойида халқаро савдо сиёсатининг кескинлашуви ва глобал ноаниқликлар ортишига қарамасдан, Ўзбекистон ташқи сектори анъанавий экспорт маҳсулотлари жаҳон нархларининг ўсиши, шунингдек ташқи меҳнат миграцияси ва туризм йўналишларидаги ижобий тенденциялар таъсирида ўзининг мувозанат ҳолатига яқинлашди, дейилади ҳисоботда.
Жумладан, жорий операциялар ҳисоби 156,3 млн доллар манфий салдо билан шаклланди (2024 йилнинг биринчи ярмида қарийб 2,9 млрд доллар манфий салдо қайд этилган). Бу савдо баланси тақчиллигининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда хориждан Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши билан изоҳланади.
Экспорт ҳажмининг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши натижасида савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга қисқариб, 6,4 млрд долларни ташкил қилди. Хусусан, жами экспорт ҳажми 29 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10 фоизлик ўсиш билан қарийб 23 млрд долларга етди.
Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси ижобий салдо (мос равишда 850,9 млн долл ва 5,4 млрд долл) билан шаклланишига сабаб бўлди.
Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги тўғридан-тўғри, портфел ва бошқа инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилди. Жумладан, олти ойда мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ўсиб, 1,6 млрд долларга етди. Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 3,1 млрд долларни ташкил қилди. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига ҳисобот даври якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий салдоси 895,9 млн долларни ташкил этди.
Январь-июнь ойларида халқаро захира активларининг хорижий валютадаги қисми 913,1 млн долларга кўпайди. Шунингдек, олтин жаҳон нархининг юқори суръатларда ўсиши натижасида халқаро захиралар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан қарийб 7,4 млрд долларга ортиб, 1 июль ҳолатига 48,5 млрд долларни ташкил қилди.
Тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи жорий йил бошига нисбатан 23 фоизга мустаҳкамланиб, 1 июль ҳолатига 16,9 млрд долларга етди.
Бунда, резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари ҳажми йил бошига нисбатан 12,1 млрд долларга (13 фоиз) ҳамда ташқи мажбуриятлари ҳажми 8,9 млрд долларга (11 фоиз) кўпайди.
