Ўзбекистон ва Озарбайжон 2027 йилги ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бу ташкилотнинг 2 октябрдаги йиғилишида белгиланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси.
Таъкидланишича, 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги мундиал ФИФА томонидан ўтказиладиган миллий терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейинги иккинчи нуфузли мусобақа ҳисобланади.
«Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиб, катта тажриба орттирди. Хусусан, 2024 йилда юртимизда ўтказилган ФИФА футзал Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилгани халқаро футбол ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур мусобақалар, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларининг халқаро миқёсдаги йирик турнирларни ўтказиш бўйича етарлича тажриба ва салоҳият тўплашига имконият яратди», — дея қайд этди ассоциация.
2027 йилда Ўзбекистон ўз «меҳмондўстлиги, профессионал ёндашуви, футболга фидойилиги ва албатта футболсевар мухлисларининг меҳри билан бутун дунё эътиборини қозонишга тайёр», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, бундан ташқари, Тожикистон ва Қирғизистон билан биргаликад 2031 йилда бўлиб ўтадиган Осиё кубогига мезбонлик қилмоқчи. Бу бўйича Осиё футбол конфедерациясига ариза топширилган. Улар мезбонликни қўлга киритиш учун Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея, Кувайт ва БАА билан рақобат қилади.
