• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Американинг Gulf компанияси Ўзбекистонда 100 млн долларлик автозаправка тармоғини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда


Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорликни кенгайтириш ва янги энергетика лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, америкалик ҳамкорлар орасида Air Products, General Electric, Schlumberger, Baker Hughes ва бошқалар бор.

«АҚШнинг молиявий салоҳияти ва технологик имкониятларини инобатга олган ҳолда биз энергетика соҳасидаги мавжуд ҳамкорлигимизни ҳам янги босқичга олиб чиқмоқдамиз», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, яқинда бўлиб ўтган учрашувда Air Products раҳбарияти янги инвестициялар ва ҳамкорликнинг қўшимча йўналишларини излашга тайёрлигини маълум қилган.

Вазир, шунингдек, газ транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришилганини алоҳида таъкидлади.

«Биз газ-транспорт тизимида ёки ўша нефть-газ компаниялари қазиб чиқараётган газини ҳозирги кундаги мавжуд компрессор станциялар, сиқув компрессор станцияларидаги газ асосида ишловчи агрегатларни электрга алмаштириш ва электр двигателлар ўрнатиш бўйича ҳам йирик келишувларга эришдик ва бунга Американинг Эксимбанки молиялаштиришга жуда катта қизиқиш билдиряпти», — деди у.

«Аниқ рақамларга келадиган бўлсак, мана биргина компрессор станцияларнинг ўзидаги агрегатларни алмаштириш — бу икки-уч йиллик дастур — камида 800 миллион долларга баҳоланяпти. Бу фақатгина битта йўналиш», — деди вазир.

Kun.uz’нинг ушбу ишларни мувофиқлаштирувчи Pan-Asia’га таяниб хабар беришича, АҚШ Эксимбанки 852 миллион долларлик кредит линияси очишга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, Schlumberger ва Baker Hughes компаниялари билан янги бурғилаш технологияларини жорий этиш бўйича шартномалар имзоланди.

«Ўзбекнефтгаз» Gulf компанияси билан Ўзбекистон бўйлаб тахминан 100 миллион долларлик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш бўйича меморандум имзолади.

Мирзамахмудовнинг таъкидлашича, Air Products бўйича келажакдаги лойиҳалар, жумладан, кўмир газификацияси, синтез-газ олиш, унинг асосида аммиак, метанол ва бошқа қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш 3−4 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Gulf Oil LP — Gulf бренди остида фаолият юритувчи Америка нефть компанияси. 1980 ва 1990 йиллардаги қатор савдолардан сўнг, Gulf бренди қайта қуришдан ўтди, аммо лицензия остида мавжуд бўлишда давом этди. 2023 йил декабрь ойида RaceTrac ўз автозаправкалари тармоқларини бирлаштирган ҳолда АҚШда Gulf Oil компаниясини сотиб олишни якунлади. Gulf ҳозирда АҚШда 36 штат ва Пуэрто Рикода жойлашган 1100 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларини бошқаради.

Президент Шавкат Мирзиёев америкалик ишбилармонлар билан учрашувда уларнинг Ўзбекистондаги фаолияти муваффақиятини шахсан ўзи кафолатлашини таъкидлаганди. Инвесторлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инвестициялар вазирлигида АҚШ бўйича ўринбосарлар тайинланган. Мирзиёев ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналишини белгилаб берган.

Ўзбекистон президенти ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳамкорликни кенгайтириш ва қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларни муҳокама қилганди. Улар АҚШ Эксимбанки ва DFC жамғармаси имкониятларидан фойдаланиш ҳамда қўшма Мувофиқлаштирувчи қўмита ташкил этишни режалаштирмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *