АҚШ ҳукумати маблағ етишмаслиги сабабли 1 октябрь куни ярим тунда ўз ишини қисман тўхтатди. Шатдаун Конгрессдаги Республикачилар ва Демократлар партияси вакиллари янги молиявий йил учун бюджетни келиша олмагани туфайли содир бўлди, деб ёзмоқда New York Times.
Шатдаун нима?
Шатдаун (инглизча shutdown — «ёпиш» ёки «ўчириш») — Конгресс айрим ёки барча федерал муассасаларни молиялаштиришни тасдиқлай олмаслиги сабабли ҳукумат ишининг тўхтатилиши.
Америка давлат органларининг аксарияти Конгресс томонидан қабул қилиниши ва президент томонидан АҚШда янги молиявий йил бошланадиган 1 октябргача имзоланиши керак бўлган қонун лойиҳалари доирасида молиялаштирилади.
Агар муддат тугаб, Конгресс қисқа муддатли ёки йиллик бюджет тўғрисидаги қонунни тасдиқламаса, у ҳолда ҳукумат ўз ишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиши керак.
Бу АҚШда сўнгги етти йил ичидаги биринчи шатдаун бўлди, дея таъкидлайди NYT. Ҳукумат охирги марта 2018 йил охирида, президент Дональд Трампнинг биринчи муддати даврида ўз фаолиятини тўхтатганди. Ўша шатдаун узоқ сурди ва 35 кун давом этди — 2018 йил 22 декабрдан 2019 йил 25 январгача.
Бу сафар асосий қарама-қаршилик мавзуси 2025 йил охирида тугайдиган Қулай тиббий ёрдам тўғрисидаги қонун (Affordable Care Act) доирасида субсидияларни сақлаб қолиш бўлди. Демократлар тиббий суғуртани янада қулайроқ қилиш учун солиқ имтиёзларини узайтиришни ва Трамп томонидан қабул қилинган солиқларни камайтириш тўғрисидаги қонун доирасида Medicaid дастурини қисқартиришни бекор қилишни талаб этди. Республикачилар бундай харажатларга қарши чиқди. Оқибатда Сенатдаги иккита овоз бериш жараёнида иккала партия ҳам бир-бирининг таклифини блоклаб қўйди.
Сешанба куни Сенат демократларнинг ҳукуматни молиялаштиришни октябрь охиригача узайтириш ва соғлиқни сақлаш харажатларини 1 трлн доллардан кўпроққа ошириш режасини блоклади. Кейин Республикачилар партиясининг бюджетни 21 ноябргача узайтиришни таклиф қилган режаси керакли миқдорда овоз тўплай олмади.
Республикачилар Конгресснинг иккала палатасини ҳам назорат қилмоқда, бироқ сенатда — юқори палатада уларга харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш учун зарур бўлган 60 та овоз етишмаяпти, дея аниқлик киритади BBC News.
CNN’нинг қайд этишича, республикачилар ва демократлар шатдаун учун айбни бир-бирига тўнкади. Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон демократларни музокаралардан бош тортишда айблади: «Демократлар ҳукуматни ЁПИШ учун расман овоз беришди. Натижалар: Оналар ва болалар WIC (Special Supplemental Nutrition Program for Women, Infants, and Children — Аёллар, гўдаклар ва болалар учун қўшимча овқатланиш дастури) дастури бўйича овқатланишдан маҳрум бўлмоқда. Фахрийлар тиббий ёрдам ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш дастурларидан маҳрум бўлмоқда… Фақат бир савол қолади: демократ, Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумер ўзининг худбин манфаатлари йўлида бу азоб-уқубатларга қачонгача чидаб туради?
Демократлар, ўз навбатида, жавобгарликни республикачилар, хусусан, Трампга юклади. «Бир неча ой давомида Дональд Трамп ва республикачилар ҳаётни мураккаблаштириб, уни қимматлаштирганидан сўнг федерал ҳукумат ишини тўхтатди, чунки улар Америка халқининг соғлиғини ҳимоя қилишни истамайди», — дейилади Шумер ва Вакиллар палатасидаги озчилик етакчиси Ҳаким Жеффриснинг қўшма баёнотида.
Оқ уйнинг реакцияси
Ҳозирги қарама-қаршиликнинг ўзига хос жиҳати — Трамп жамоасининг позицияси, деб ёзди BBC News. Ўтмишда узоқ муддатли шатдаунлар одатда сиёсий жиҳатдан хавфли ҳисобланган, чунки улар сайловчиларнинг кундалик ҳаётига халақит берган ва қонун чиқарувчилар ҳамда президентнинг обрўсини туширган.
Аммо бу сафар Трамп маъмурияти АҚШ ҳукумат муассасаларининг катта қисми фаолиятини узоқ муддатга тўхтатганидан хурсанд кўринади. Маъмурият расмийлари шатдаундан фойдаланиб, «унча зарур бўлмаган» ишчиларни аниқлаш билан таҳдид қилди, кейин улар бутунлай ишдан бўшатилиши мумкин.
«Биз кўплаб одамларни ишдан бўшатамиз», — деди Трамп сешанба куни.
Бундан ташқари, Оқ уй демократик штатлар учун мўлжалланган 26 млрд долларлик маблағни музлатиб қўйди. Хусусан, Нью Йорк штатида 18 миллиард долларлик транспорт лойиҳалари ва демократлар томонидан бошқариладиган 16 та штатда, жумладан, Калифорния ва Иллинойсда 8 миллиард долларлик яшил энергия дастурларини молиялаштириш тўхтатилди.
Шатдаун қандай оқибатларга олиб келади?
Бунда барча давлат идоралари ҳам ёпилмайди: аҳолига кўрсатадиган хизматлари биринчи даражали эҳтиёжлар тоифасига кирувчи ходимлар одатдаги режимда ишлашда давом этади, бироқ уларга ҳақ тўланмайди.
Чегара хизмати, ҳуқуқ-тартибот идоралари, иммиграция ва божхона хизмати (ICE), шифохона пунктлари ходимлари ва ҳаво ҳаракати диспетчерлари ишини давом эттириши кутилмоқда.
Ижтимоий таъминот ва Medicare чеклари ҳамон юборилишига қарамай, имтиёзларни текшириш ва карталарни бериш жараёнлари тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Зарур ҳисобланмаган давлат хизматчилари вақтинча ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилади. Илгари бундай ишчиларга иш ҳақи кейинчалик эски саналар билан тўлаб берилган.
Бу шуни англатадики, федерал бюджетдан молиялаштириладиган озиқ-овқат дастури, мактабгача таълим муассасалари, таълим кредитлари, озиқ-овқат инспекциялари ва миллий боғлар фаолияти каби хизматлар қисқартирилиши ёки бутунлай тўхтатилиши кутилмоқда.
Авиакомпанияларнинг огоҳлантиришича, ҳукумат ишини тўхтатиши туфайли улар «секинроқ ва самарасизроқ ишлаши» мумкин.
АҚШ Конгрессининг бюджет бўйича бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, 750 мингга яқин федерал ходим — давлат хизматчилари умумий сонининг тахминан 40 фоизи ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқади.