• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Хоразмда 5,9 млрд долларга «яшил» авиаёқилғи ишлаб чиқариш заводи қурилади


Allied Biofuels хорижий компанияси Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳавога зарарли чиқинди чиқариш даражаси нолга тенг бўлган авиаёқилғи ишлаб чиқариш заводи қуриш учун ер ва сув ресурсларини ажратиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда компания вакиллари Gazeta’га маълум қилди.

Лойиҳага инвестициялар 5,9 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда. Завод Тупроққалъа туманида жойлашади. У Марказий Осиёдаги биринчи тўлиқ интеграциялашган биологик қайта ишлаш корхонасига айланади.

Завод йилига 382 минг тонна барқарор авиаёқилғи (SAF), 152 минг тонна электро-синтетик SAF (e-SAF) ва 11 минг тонна қайта тикланувчи («яшил») дизель ишлаб чиқариши режалаштирилган. Охиргисини ишлаб чиқариш 2 ГВт қувватга эга электролизёрлар ёрдамида олинадиган водород ҳисобига таъминланади.

Имзолаш маросими Хивадаги Халқаро инвестиция форуми доирасида компания раҳбари Альфред Бенедикт ва Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирокида бўлиб ўтди.

«Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича миллий иқлим стратегиясига мос келади. Ноль ажралмали ёқилғи ишлаб чиқаришнинг саноат миқёсида йўлга қўйилиши транспорт ва саноатда қазилма ёқилғидан фойдаланишни камайтиради, иссиқхона газлари ажралиб чиқишини қисқартиради ва мамлакатнинг яшил энергетикага ўтиш жараёнини тезлаштиради», — дея таъкидлашди компанияда.

Альфред Бенедиктнинг сўзларига кўра, келишув компания ва ҳудуд учун «тарихий воқеа» ҳисобланади. Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов эса лойиҳа учун шу ҳудуд танлангани учун миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, лойиҳанинг амалга оширилиши Хоразмнинг яшил энергетика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, юзлаб иш ўринларини яратади ва ҳудуд иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшади.

Allied Biofuels Ўзбекистонда июль ойида рўйхатдан ўтган. Унинг раҳбари Альфред Бенедикт айни пайтда Австралиянинг Allied Green Ammonia компаниясининг ҳам бошлиғи ҳисобланади. Апрель ойида Ўзбекистоннинг Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ушбу компания билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганди.

Ўшанда томонлар ягона интеграциялашган «яшил» энергия лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиши айтилганди. Ушбу лойиҳа йилига 800 минг тонна яшил карбамид, 350 минг тонна барқарор авиаёқилғи (SAF) ва 35 минг тонна яшил дизель ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши қайд этилганди. Шунингдек, таъкидланганидек, лойиҳа доирасида кунига 6000 тоннагача биомасса ва 4 ГВтгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш режалаштирилган. Умумий майдони 7 000 гектарни ташкил этувчи мажмуа илғор технологиялар асосида барпо этилиши ва 5,5 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа ҳақида Шавкат Мирзиёевга сентябрда ахборот берилган эди. Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан тақдим этилган ахборот доирасида Австралия компанияси 820 миллион доллар инвестиция киритиб, Тупроққалъа туманида 600 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғиси ва 50 минг тонна «яшил дизель» ишлаб чиқариш таклифини билдиргани айтиб ўтилган эди. Ўшанда давлат раҳбари инвесторларга қулайлик яратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *