Ҳукуматнинг 30 сентябрдаги қарори [612-сон] билан «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Низом «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Халқ банки ва Микрокредитбанк томонидан камбағал оилаларга қуйидагиларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тартибини белгилайди:
- ноутбук;
- тадбиркорликни бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари;
- кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситалар.
Дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки, зарур ҳолларда, «маҳалла еттилиги» кўмаги асосида платформа орқали тақдим этилади.
Аризалар скоринг баҳолаш натижаларига кўра 1 иш кунида кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Бириктирилган раҳбар аризани 5 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.
Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан қуйидагича ажратилади:
- 15 млн сўмгача бўлган 1 та ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан;
- тадбиркорликни бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан.
Аввалроқ «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижросини таъминлашга қаратилган «Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари иштирокида касб-ҳунар ва чет тилларини ўқитишнинг ваучер тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, ишсиз аҳоли ва «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилалардаги ишсизларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш ҳаражатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий этилади. Ваучерлар талабгорларга экстерриториал тамойили асосида, фақат бир марта тақдим этилади.
Президент фармони билан 2025 йил 1 апрелдан камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги инструментлари жорий этилди. Унга кўра, техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойини тиклаш учун ёрдам кўрсатилади.
Шунингдек, 2025 йил 15 майдан Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга тақсимлана бошлади, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари уларнинг тоифасига қараб кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, Камбағал оилалар реестри 2024 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шакллантирила бошлаган. Реестр «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида шакллантирилади.
