Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор️ Шаҳло Турдиқулова Жаҳон Фанлар академияси (TWAS) академиги дипломини қабул қилди. Бу ҳақда республика ФА матбуот хизмати хабар берди.

29 сентябрдан 2 октябрга қадар Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида Жаҳон Фанлар академиясининг навбатдаги Бош конференцияси бўлиб ўтди. Бу йилги конференция кун тартибида соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва инновациялар каби долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда.

twas, фанлар академияси, шаҳло турдиқулова

Унинг доирасида Шаҳло Турдиқуловага тантанали равишда расмий диплом топширилди. У жорий йил бошида TWAS академиги этиб сайланган эди.

Маълумот учун, TWAS — 1983 йили ташкил этилган нуфузли халқаро академия, дунё бўйлаб энг йирик ва таниқли олимларни бирлаштиради. Академияда 100 дан ортиқ мамлакатдан 1400 дан зиёд етакчи олимлар бўлиб, таркибида Нобель мукофоти соҳиблари ҳамда турли соҳаларда улкан ютуқларга эришган етакчи олимлар фаолият юритади.

Шаҳло Турдиқулова конференция доирасида TWAC ва Бразилия Фанлар академияси президентлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида икки томонлама илмий алоқаларни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, ёш олимлар алмашинуви ҳамда илмий марказлар ўртасида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди. Келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Шаҳло Турдиқулова 1973 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Турдиқулова — биология фанлари доктори, профессор. «Дўстлик» ордени соҳибаси.

У 2018−2020 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори бўлган. 2020 йил октябридан 2021 йил апрелига қадар инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари, 2021 йил апрелидан 2023 йил январига қадар вазир ўринбосари, шундан сўнг 2024 йил апрелигача олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У ҳозирда Фанлар академияси вице-президенти ҳисобланади.