• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилади



Ҳукумат қарори билан драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этиш тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомларга кўра, мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар 2 йилда 1 маротаба танлов ўтказилади. Улар билан режиссура ва драматургия соҳаларида фаол ижод қилаётган режиссёр ва драматурглар театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.

Ғолибларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 баробари (63 млн 550 минг сўм) миқдорида 1 марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткалар берилади.

Ижодкорларни мукофотлар билан тақдирлаш бўйича таклифлар тегишли ташкилотлар томонидан Маданият вазирлигига тақдим этилади. Вазирлик номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқиб, танлов ўтказилаётган йилнинг 1 февралигача тегишли комиссияга тақдим этади.

Комиссия 1 мартгача номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳар бир мукофот бўйича энг муносиб 1 нафардан номзод бўйича якуний қарор қабул қилади.

Мукофотлар 27 март — Халқаро театр куни арафасида Ўзбекистон маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилади.

Баҳодир Йўлдошев — Ўзбекистон халқ артисти, таниқли режиссёр. У нуфузли тадбирлар, шу жумладан, президент иштирок этган байрам шодиёналари, Мустақиллик куни ва Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилган концертлар, «Шарқ тароналари», Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги ва Амир Темурнинг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда бош режиссёр сифатида фаолият кўрсатган. 2021 йил май ойида 76 ёшида вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2025 йилда Туркистон жадидлик ҳаракати асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонланади. Мутафаккир ҳаётига оид ижодий учрашув, илмий конференция ва танловлар ўтказилиб, Қаршидаги кўчага унинг номи берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *