БААнинг Etihad Airways авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилди, деб хабар қилади «Ўзавиация» агентлиги.

Қайд этилишича, авиакомпанияга Абу Даби — Тошкент — Абу Даби йўналишида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун Фойдаланиш рухсатномаси 1998 йил 17 ноябрдаги Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим асосида расмийлаштилган.

Парвозлар Airbus A320−232/251N ва Airbus A321−231/251N/251NX ҳаво кемаларида амалга оширилади.

Июль ойида Etihad авиакомпанияси Евроосиёнинг еттита шаҳрига ҳаво қатновини йўлга қўйишини эълон қилганди. Тошкентдан ташқари, компания Олмаота (Қозоғистон), Тбилиси (Грузия), Ереван (Арманистон), Боку (Озарбайжон), Бухарест (Руминия) ва Мадина (Саудия Арабистони) шаҳарларига парвозларни бошлашни режалаштирмоқда.

Etihad Абу Дабидан Тошкентга парвозларни 2026 йил 17 мартдан бошлаб йўлга қўйиш нияти борлигини маълум қилганди. Компания БАА ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида ҳафтасига олти марта рейс амалга оширади.

2020 йил 9 сентябрда «Ўзавиация» агентлиги томонидан Etihad’нинг шўъбаси — Air Arabia компаниясига Абу Даби- Тошкент- Абу Даби йўналишида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома берилган. Авиакомпания 7 декабрдан бошлаб ҳафтасига 2 марта Абу Даби- Тошкент- Абу Даби йўналишида парвозларни йўлга қўйишга эришган.

2022 йил ноябрида Air Arabia келаси йилдан Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига мунтазам парвозлар йўлга қўйиши мумкинлигини маълум қилганди. Шунингдек, ўшанда келгусида Абу Даби — Тошкент ўртасидаги қатновлар сонини ҳафтасига 7 мартагача ошириш нияти ҳақида айтилганди.