Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган Халқаро астронавтика конгрессида (International Astronautical Congress — IAC) унинг кейинги йиғилишини 2028 йилда Марказий Осиёда илк бор Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.
2028 йилги конгресс тадбирини ўтказиш учун янги жой бўйича таклиф «Ўзбеккосмос» делегацияси томонидан 29 сентябрдан 3 октябргача бўлиб ўтаётган ХАК конгрессида илгари сурилди.
«Албатта, Ҳиндистон ва Баҳрайн каби давлатлар билан ушбу танловда рақобат қилиб, ютиш осон бўлмади. Олти юз йил аввал Мирзо Улуғбек обсерватория ва мадраса қуриб Самарқандни илм-фан марказига айлантирган бўлсалар, 2028 йилда космос йўналишидаги дунёнинг энг катта тадбири Самарқандда ўтиши, албатта, учинчи ренессанс асосини бошлаб берган президентимиз томонларидан олиб борилаётган ишларнинг дунё ҳамжамияти томонидан ўзига хос эътирофидир», — деб ёзади Шерматов.
Тақдимотда Ўзбекистон салоҳияти ҳақида видеоролик намойиш этилиб, унда Майданак обсерваторияси, Мирзо Улуғбекнинг соҳадаги ҳиссаси, Самарқанддаги Конгресс маркази ва Silk Road Samarkand мажмуасининг халқаро меҳмонларни қабул қилиш ҳамда жаҳон миқёсида форумлар ўтказиш имкониятлари кўрсатилган. Шунингдек, шаҳар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ва у Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани таъкидланган.
Тадбир 10 мингдан ортиқ меҳмонларни жалб қилиши ва халқаро кўргазмалар орқали туризм, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларида иқтисодий фойда келтириши кутилмоқда.
«Бу тарихий воқеа нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам космик соҳада янги даврни бошлаб беради», — дея қайд этди «Ўзбеккосмос» агентлиги.
Агентлик мазкур йирик анжуман нафақат илм-фан ва технологиялар ривожи учун муҳим майдон бўлиши, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам сезиларли даромад келтиришини билдирди. Бунга конгрессдан 27 млн доллардан ортиқ маблағ олган Австралияни мисол қилиб келтирди.
Конгресс дастурида, одатда, пленар йиғилишлар ва сессиялар, нетворкинг ҳамда космос тадқиқотлари соҳасидаги сўнгги ютуқлар муҳокамасини ўз ичига олади. Бу йил Сиднейда ўтган конгресс мавзуси «Барқарор космос: барқарор Ер» бўлди. 2024 йилда тадбир Миланда ўтказилганди.
