Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. ИИВ томонидан киритилган қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади («антиквар» автомототранспорт воситалари бундан мустасно).

Бундан ташқари, очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шунингдек, умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган «N3» ва «O4» тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари ҳамда очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари ҳамда «антиквар» автомобиллар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.

Қарорнинг қўшимча маълумотида айтилишича, республикада 2025 йилга келиб транспорт воситалари сони 5,2 млн тадан ошган бўлиб, шундан 87,6 мингтаси ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардир.

«Бундай автотранспорт воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермайди ва экологик меъёрларга (Евро-4, Евро-5) мос эмас, 30 фоиз кўпроқ зарарли газ ажратади ҳамда маънан эскирган транспорт воситалари давлат рақам белгисини ноқонуний тақиб юриш (139 та ҳолат аниқланган) ҳолатларига сабаб бўлмоқда», — дейилади қарорда.

Муҳокама 11 октябргача давом этади.