• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда оғир юк машиналари ва самосваллар учун алоҳида рақамлар жорий этиш таклиф қилинмоқда


2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда йирик габаритли транспортни рўйхатдан ўтказиш бўйича янги қоидаларни жорий қилиш режалаштирмоқда. Бу ҳақда ИИВ томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилади.

Очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари давлат рўйхатидан ўтказилади, оғир юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари учун эса алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади

Қарор лойиҳасига кўра, алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари қуйидагиларга берилади:

  • умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган N3 ва O4 тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари;
  • очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари.

ИИВ маълумотларига кўра, сўнгги 15 йилда мамлакатда юк автомобиллари сони 146 мингдан 391 минггача кўпайган бўлиб, бу ҳолат транспорт оқими ортгани билан бирга йўл инфратузилмасининг бардавомлигини таъминлашда жиддий муаммо келтириб чиқармоқда.

Ҳукумат 44 тоннадан ортиқ юк автомашиналарни алоҳида давлат рақам белгилари ёрдамида ҳаракатланиш оқимида фарқлашни таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, тунги вақтларда йўл ёқаларида тўхтаб турган юк машиналарига нисбатан жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда. 2024 йилда шу каби ҳолатлар оқибатида 113 та ЙТҲ юз бериб, 47 киши ҳалок бўлган.

Муаллифлар қарор лойиҳасининг қабул қилиниши юк нормативига мос бўлмаган транспорт воситалари ҳаракати чекланиши орқали йўл қопламаларининг узоқ муддатли хизмат қилишини таъминлашини ва тунги вақтда йўл четида нотўғри тўхтаган юк машиналарининг орқасидан урилиш ҳолатлари камайишини кутмоқда.

Янги рақамлар қандай кўринишда бўлади?

I3 тип («YUK»)* — умумий массаси (юк билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган N3 тоифадаги юк ташувчи ва махсус автотранспорт воситалари учун. Рақам фони қизил рангда, четки қисми, рақами ва ҳарфлари оқ рангда. Чап томонда ҳудуднинг коди, ўнг томонда Ўзбекистон байроғи ва «UZ» ҳарфлари.

I5 тип («KON»)* — очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзиағдарувчи юк автомобиллари учун. Дизайни худди шундай: фон қизил, четки қисми, рақами ва ҳарфлари оқ рангда. Чап томонда ҳудуднинг коди, ўнг томонда Ўзбекистон байроғи ва «UZ» ҳарфлари.

*»K» ҳарфининг ўрнига автотранспорт воситаларининг сонидан келиб чиққан ҳолда «L», «M», «O» ва бошқа ҳарфлар қўлланилиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *