Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, Истанбул шаҳрида бир гуруҳ ўзбекистонликлар қўлга олингани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.
«Дарҳақиқат, 29 сентябрь куни Истанбулда 6 нафар шахс, жумладан, блогер „Жасмин“ (Музаффар Раҳимов) ҳам маҳаллий полиция томонидан қўлга олиниб, 30 сентябрда Малтепе ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилган», — дейилади хабарда. Аммо уларнинг қанчаси Ўзбекистон фуқароси экани очиқланмаган.
Аниқлик киритилишича, улар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятни содир этишда гумонланмоқда. Воқеа бўйича бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Тинтув давомида олинган ашёвий далиллар экспертизага юборилган, тергов давом этмоқда, деди Бош консулхона.
