Марказий Осиё тоғларидаги музликлар дунёдаги ўртача кўрсаткичдан тезроқ эримоқда. Музликлар жойлашган чуқурликлар эриган сув билан тўляпти. Натижада музлик кўли ҳосил бўляпти. Бундай сув ҳавзалари табиий тўсиқлар — мореналар ортида ҳам пайдо бўлади. Бу ғовак тўсиқлар музликдан қолган тош ва тупроқдан ёки музнинг ўзидан иборат. Мореналар беқарор ва осонликча бузилиб кетади. Музлик эриб, кўлдаги сув ҳажми ортар экан, тўғонга босим кучаяди. Оқибатда унда ёриқлар пайдо бўлади.
Иле-Алатау тоғлари, Қозоғистон. Фото: GLOFCA.
Музлик кўллари тўғони ёрилганда сув тошқинлари ва селларни келтириб чиқаради. Бундай оқимлар жуда катта вайронкор кучга эга. Улар одамлар ҳаётига, инфратузилма ва иқтисодиётга таҳдид солади ҳамда юзлаб километрларга тарқалиб, трансчегаравий миқёсдаги муаммога айланиши мумкин. Ҳажмни кузатиш имкониятларининг чеклангани ва потенциал хавфли ҳудудларнинг кўплиги сабабли музлик кўлларининг ёрилиши оқибатида юзага келадиган сув тошқинлари Марказий Осиёдаги энг жиддий иқлим рискларидан бирига айланган.
Nature Communications журналида эълон қилинган ҳисоб-китобларга кўра, Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларида тахминан бир миллион аҳоли хавфли музлик кўлларидан 10 км масофада яшайди ва музлар ёрилиши туфайли юзага келадиган сув тошқинлари хавфи остида қолмоқда.

Марказий Осиёда 4,5 мингдан ортиқ музлик кўллари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги нисбатан яқинда музликларнинг жадал эриши натижасида пайдо бўлган. Уларнинг ҳажми ортиши сув тошқинлари, қор кўчкилари ва ўпирилишларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳалокатли ёрилишлар эҳтимолини оширади.
Биргина Қирғизистонда бугунги кунда 2000 га яқин музлик кўллари мавжуд бўлиб, улардан 368 таси потенциал хавфли ҳисобланади. 65 та кўл Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қатъий назорати остида бўлиб, улар ёрилиш хавфи бўйича I ва II тоифага мансуб бўлган кўллар.
Хавфлар мавҳум эмас: 2024 йил 27 июнь куни Қирғизистонда Тақир-Тор тоғ кўли ёрилиши ортидан 950 киши эвакуация қилинди.
Тожикистон Гидрометеорология агентлиги Гляциология маркази бошлиғи ўринбосари Камолиддин Назирзоданинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳудудида жойлашган Саид Нафиси (аввалги Баралмос) музлиги сўнгги йилларда ниҳоятда беқарор бўлиб қолган. Унинг юзасида турли ҳажмдаги кўллар ҳосил бўлмоқда. Иссиқ мавсумда улар қисман ёрилади. Сўнгги беш йилнинг ўзида 23 та шундай ҳолат қайд этилган. Ўтган ёзда учта йирик ёрилиш содир бўлди: 14 ва 22 июль ҳамда 10 августда. Бундай ёрилишларнинг ҳар бири сел оқимлари, Сурхоб ўзанидаги тўсилишлар ва Қирғизистон чегарасидаги Ваҳдат-Рашт-Ляхш халқаро йўлининг шикастланиши билан кечади. Шу билан бирга, йўлни тиклаш ишларини 10−15 кундан кейингина бошлаш мумкин, чунки тоғ жинслари сувга тўйинган ва беқарор бўлиб қолади.

Баралмос музлиги, Тожикистон. Сурат: GLOFCA.
Лекин ҳатто музлик кўллари ёрилмаган тақдирда ҳам, музнинг эриши сел хавфини кучайтиради. Қирғизистоннинг деярли бутун ҳудуди сел хавфи остида. 2024 йилда мамлакатда сўнгги ўттиз йил ичида рекорд даражадаги селлар сони қайд этилди — апрелдан августгача 370 дан ортиқ ҳолат. Оқибатда 25 киши ҳалок бўлди, етказилган зарар эса 2 млрд сомдан (22,8 млн доллардан ортиқ) ошди.
Тожикистонда уч ҳафта ичида — 2024 йил 3 майдан 26 майгача — 256 та табиий офат кузатилди, улар 80 миллион сомонийдан (8,5 миллион доллар) ортиқ зарар етказди. Бир йилда жами 532 та ҳодиса содир бўлиб, 164 та турар жой, 6 та мактаб ва боғча, қарийб 300 километр йўл ва 66 та кўприк вайрон бўлди.
Ўзбекистонда ҳам маҳаллий музлик кўллари мавжуд. Жумладан, Писком дарёсининг юқори оқимида Шавуркўл ва Ихнач кўллари жойлашган бўлиб, улардаги сувнинг умумий ҳажми 4,5 миллион куб метрдан ошади — бу икки мингта олимпия ҳавзасига тенг. Уларнинг эҳтимолий ёрилиши дарёнинг ўрта оқимида яшовчи 2000 га яқин аҳоли ҳаётига хавф солмоқда. Бундан ташқари, бу ҳудудда бошқа ташқи жараёнлар — сел, ўпирилиш ва тош кўчкилари ҳам содир бўлади.

Бундай ҳодисаларнинг кўлами ва мунтазамлиги мутахассислар ва халқаро лойиҳаларни аҳоли ва инфратузилма учун хавфларни камайтириш мақсадида мослашув чораларини излашга ундамоқда.
Тоғли ҳудудларда табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича тўпланган тажрибага қарамай, музлик кўлларининг ёрилиши кўпинча трансчегаравий хусусиятга эга бўлгани сабабли янада мувофиқлаштирилган минтақавий саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Иқлим ўзгариши шароитида музликларни кузатишга бағишланган анжуманда илмий ҳамжамият, Марказий Осиё мамлакатлари давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари қишлоқ аҳолисининг музлик кўллари ёрилиши хавфига чидамлилигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Тадбир 16 ва 17 сентябрь кунлари Green University`да бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Аҳоли хабардорлигининг аҳамияти
Тоғли ҳудудлар аҳолиси кўпинча ўзлари яшайдиган жойларда сел келиши ва музлик кўллари ёрилиши хавфи юқори эканини билишмайди, дея таъкидлайди мутахассислар. Кўпчилик ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ФВВнинг SMS огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдиради. Фавқулодда вазиятларда одамлар ҳар доим ҳам эвакуация йўлларини билавермайди. Маълумот етишмаслиги сабабли маҳаллий аҳоли томонидан махсус қурилган сув чиқариш каналларини бузиб ташлаш ҳолатлари кузатилган. Хабардорликдаги бу бўшлиқлар аҳолини табиий таҳдидлар олдида янада ожиз қолдиради.
Айнан шу сабабли мутахассислар олдиндан хабардор қилиш тизимларини ривожлантириш ва жамоалар билан ишлаш зарурлигига эътибор қаратмоқда. Бу вазифани Glacial Lake Outburst Flood Central Asia (GLOFCA) минтақавий лойиҳаси ҳал қилади. Лойиҳа олдиндан хабардор қилиш тизимлари, ҳамжамиятларнинг тайёрлигини ошириш ва минтақавий ҳамкорлик орқали музлик кўллари ёрилиши хавфини камайтиришга қаратилган. Лойиҳа ЮНЕСКОнинг Олмаотадаги минтақавий офиси томонидан Адаптация фонди кўмагида амалга оширилмоқда. Ҳозирда лойиҳа еттита устувор ҳудудда олиб борилмоқда: Қозоғистондаги Есик ва Талгар, Қирғизистондаги Ала-Арча ва Тон-Тосор, Тожикистондаги Баралмос музлиги ҳудуди, шунингдек, Ўзбекистондаги Писком ва Тепар.

Тожикистон тоғлари.
Ҳар бир мамлакатда лойиҳа ихтисослашган идоралар билан бевосита ҳамкорликда ишлайди. Ўзбекистонда булар Геология ва геофизика институтининг Гляциал геология маркази, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидир.
GLOFCA лойиҳаси координатори Диана Арипханова хавфларни камайтириш масалаларида жамоалар билан тўғридан-тўғри ишлаш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун лойиҳа жамоаси тоғли ҳудудлар аҳолисининг хабардорлик даражасини аниқлаш мақсадида анкета ва сўровномалар ўтказмоқда.
Гендер ёндашувга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Қишлоқ аҳолиси билан учрашувлар пайтида биз билан асосан эркаклар мулоқот қилади, аёллар эса сукут сақлашади — бу маданий хусусиятлар билан боғлиқ. Шунинг учун биз аёллар ва болалар билан алоҳида учрашувлар ўтказишни бошладик ҳамда қўшимча муаммолар ва хавотирларни аниқладик. Масалан, аёллар ногиронлиги бўлган одамлар нима қилиши кераклиги тўғрисида саволни кўтаришди», — дейди Арипханова.
Бунда аҳолининг билимини ҳам инобатга олиш лозим. «Сел оқимлари пайтида маҳаллий аҳоли анъанавий равишда тоғларга кўтарилишини билиб олдик. Шунинг учун тренинглар ва эвакуация йўналишларини ишлаб чиқишда биз бундай билим ва хусусиятларни ҳисобга олишга ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилади мутахассис.

Тренингларда одамларга музлик кўли ёрилиши ва сел нима эканлиги, нима учун содир бўлиши ва қандай кечиши тушунтирилади. Уларга фавқулодда вазиятдан олдин ва кейин қандай ҳаракат қилиш, «фавқулодда ҳолат чемодани»ни қандай тайёрлаш ўргатилади.
Тажриба шуни кўрсатадики, тўғри ахборот берилгандан сўнг, аҳолининг ўзи ечимларни таклиф қила бошлайди. Масалан, Қозоғистонда аҳоли сув тошқинидан ҳимоя қилиш учун тўғон ўрнатиш илтимоси билан мурожаат қилган.
Ахборот асосий ресурс сифатида
Халқаро сув хўжалиги институти катта илмий ходими Искандар Абдуллаев ҳам бугунги кунда ахборот қишлоқ аҳолисининг асосий эҳтиёжларидан бирига айланиб бораётганини таъкидлади.
«Бундан 20 йил олдин тоғли ҳудудларга бориб, фермерлар билан суҳбатлашганимда, улар биринчи навбатда бизга техника керак, минерал ўғитлар керак, дейишарди. Яқинда эса Қозоғистонда, Жанғузқумда фермерлардан уларга энг кўп нима етишмаётганини сўрадик. Ҳаммаси ахборот деб жавоб берди. Уларга эртага нимани кутиш ва қачон далага чиқиш кераклигини билиш учун об-ҳаво маълумотлари, вазият қандай ўзгараётгани ҳақида тушунча зарур», — дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, бу қишлоқ аҳолисида илмий тадқиқотлар натижаларига ҳақиқий талаб борлигини кўрсатади. «Илгари фермерларга хўжалик юритишни ўргатиш керак деб ҳисобланган бўлса, ҳозир уларнинг ўзи ҳамма нарсани билади. Уларга мослашиш учун иқлим ва шароитнинг ўзгариши ҳақида билим керак».
Абдуллаев илмий маълумотларни тушунарли шаклга келтириш ва тадқиқотчилар, давлат тузилмалари ва маҳаллий жамоалар ўртасида мувофиқлаштириш йўлга қўйилиши муҳимлигини таъкидлади. Бунда маҳаллий бошқарув органлари — маҳаллаларга алоҳида ўрин берилиши керак, чунки одамлар айнан уларга кўпроқ ишонади.

«Иқлим ва табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича миллий стратегияларни ишлаб чиқишда барчамиз иштирок этамиз. Лекин маҳаллий дастурлар ҳам пайдо бўлиши керак — муайян бир қишлоқ ёки овул учун. Ахир қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ҳақиқий йўқотишлар айнан ўша ерда содир бўлади. Шунинг учун кейинги қадам — эътиборни маҳаллий муаммоларни аниқ одамлар ва жойларда ҳал қилишга қаратишдир», — дея хулоса қилади эксперт.
Марказий Осиё музлик кўлларининг ўзига хослиги
Искандар Абдуллаевнинг Gazeta`га тушунтиришича, Ҳимолай ёки Анд тоғларидагидан фарқли ўлароқ, Марказий Осиёдаги музлик кўллари ҳажман кичик, лекин ҳаракатчанроқ. Улар тез шаклланади ва кенгаяди, бу эса уларни кузатиш ва хавфни баҳолашни сезиларли даражада қийинлаштиради: кўл барқарор бўлиб қолиши ёки йўқ бўлиб кетишини олдиндан айтиб бўлмайди, шунингдек, ёрилиш пайтида юзага келиши мумкин бўлган тошқин кучини баҳолаш ҳам имконсиз.
Баланд тоғларда жойлашганлиги ва ушбу сув ҳавзаларига етиб бориш имкониятининг чекланганлиги қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Батафсил ўрганилганда ҳам кафолат йўқ, чунки кўллар жуда ҳаракатчан бўлиб қолаверади.
«Кўл бугун бор, эртага эса йўқ бўлиши мумкин. Ёки аксинча — у тез суръатда катталашиб боради ва биз доим ҳам унинг қандай хавф туғдиришини билмаймиз», — дейди мутахассис.
Абдуллаевнинг қайд этишича, нечта, қаерда ва қандай ҳажмда янги кўллар пайдо бўлиши ҳақида аниқ башоратлар йўқ. «Фақат битта тенденция аниқ — музликлар эришда давом этмоқда ҳамда бу музлик кўлларининг пайдо бўлиши ва уларнинг ёрилишидан келиб чиқадиган тошқинлар муқаррар эканлигини англатади», — дея қўшимча қилади у.

Баралмос музлиги этагидаги кўл, Тожикистон. Сурат: GLOFCA.
Бундан ташқари, минтақадаги кўплаб кўллар заиф мореналар ёки эриб бораётган муз тўғонлари ортида ҳосил бўлади, бу эса ҳар доим ҳам сунъий йўлдош кузатувида қайд этилмайди. Улар, айниқса, кучли ёмғир ёки аномал иссиқликдан сўнг тезда тўлиб, огоҳлантиришларсиз ёрилиши мумкин.
Бундай шароитда асосий масала олдини олиш эмас, балки мослашиш. Асосий вазифа — келажакдаги ҳалокатлардан келадиган зарарни камайтириш учун қишлоқ жамоаларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Мониторинг
Хавфларни камайтириш учун Марказий Осиё мамлакатлари олдиндан хабар қилиш тизимларига — сунъий йўлдош маълумотлари, дарё оқими датчиклари, маҳаллий кузатувлар ва автоматлаштирилган сигналларга инвестиция киритмоқда. Сув тошқини эҳтимоли ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш аҳоли ва инфратузилмани ҳимоя қилишни яхшироқ режалаштириш имконини беради.
Масалан, Қирғизистонда атиги бир йил ичида (2020 йил август — 2021 йил август) Акпай кўли шаклланди, ундаги сув ҳажми 300 000 м³ га етди — бу 120 та олимпия ҳавзасига тенг. У беқарор музлик ётқизиқлари ортида жойлашган бўлиб, ёрилиш хавфини туғдирди.
Дастлабки тадқиқотлар туфайли ҳокимият хавфни олдиндан аниқлаб, сайёҳларнинг киришини чеклаб қўйди. 2021 йил август ойида ёрилиш содир бўлганида, инфратузилма шикастланди, лекин инсоний талафотларнинг олди олинди.
GLOFCA минтақавий лойиҳасининг асосий вазифаларидан бири ҳам музлик кўлларини кузатишдир. Мутахассислар машинали ўрганиш ва сунъий йўлдошдан радиолокацион тасвирга олиш усулларидан фойдаланади: Lake Mapping Toolbox воситаси йил давомида мониторинг олиб бориш ва маълумотларни мунтазам равишда янгилаш имконини беради.

Сурат: GLOFCA.
Бундан ташқари, ҳар бир мамлакатда камида битта олдиндан хабар қилиш тизими ўрнатилмоқда. «Бизнинг датчик ва сенсорларимиз маълумотларни тўғридан-тўғри Гидрометга узатади, у ердан эса маълумотлар ФВВга келиб тушади. Сўнгра навбатчи ходим жойларда вазиятни баҳолаб, одамлар учун хавф бор-йўқлигини аниқлайди», — дейди Диана Арипханова Gazeta`га.
Бироқ, Искандар Абдуллаевнинг сўзларига кўра, музликлар бўйича аниқ прогнозлар қилиш қийин.
«Биз келгуси йилда қайсидир музлик маълум фоизга эриб кетишини тахмин қилишимиз мумкин. Лекин бу кафолатли эмас. Барча моделлар вақт ва катта ҳажмдаги маълумотларни талаб қилади. Бунинг устига бу баланд тоғли ҳудудлар бўлиб, у ерда кузатиш олиб бориш жуда қийин. Кўп ҳолларда масофадан зондлашдан фойдаланишга мажбурмиз. Бу яхши усул, лекин жойларга бевосита боришнинг ўрнини боса олмайди».
Маҳаллий аҳолини жалб қилиш
Ўтган йили GLOFCA лойиҳаси Писком ва Тепардаги мактаблар учун об-ҳаво станцияларини ўрнатди. Шундан сўнг мактаб ўқувчилари учун машғулотлар ўтказилди: энди улар маълумотларни тўплаш ва мустақил равишда кузатув олиб боришни билади.
«Ўқувчилар ҳаво ҳароратини ўлчайди, ёмғир ўлчагич ёрдамида ёғингарчилик миқдорини қайд этади, сўнгра ўзлари прогнозлар тузиб, тенденцияларни аниқлайди, — дейди лойиҳа координатори Диана Арипханова Gazeta`га. — Бу уларда жараёнларни тушуниш ва таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиради».

Сурат: GLOFCA.
Германия геология фанлари тадқиқот маркази илмий ходими Аброр Гафуровнинг айтишича, олимлар қор қопламини кузатишга маҳаллий аҳолини ҳам тобора кўпроқ жалб қилмоқда, чунки об-ҳаво станциялари билан қамраб олиш етарли эмас. Кўнгиллилар махсус Telegram бот орқали қор қалинлиги, фотосуратлар ва геолокация маълумотларини юборади.
Сўнгги бир йил ичида Марказий Осиё аҳолиси мингга яқин хабар юборди. Ушбу маълумотлар сунъий йўлдош ўлчовларини аниқлаштириш ва илк бор қор қопламининг батафсил хариталарини тузишга ёрдам беради. «Сунъий йўлдош маълумотлари билан мослик 82 фоизни ташкил этди. Бу ажойиб кўрсаткич ва тоғ аҳолиси прогнозлар аниқлигини оширишда муҳим роль ўйнаши мумкинлигининг ёрқин мисолидир», — дейди мутахассис.
Мослашув чоралари
Диана Арипханованинг сўзларига кўра, GLOFCA мониторингдан ташқари мослашув чораларини ҳам ишлаб чиқмоқда. Масалан, Тожикистонда сел пайтида чекка қишлоқлар аҳолисини ташқи дунё билан боғлаш учун қўшимча инфратузилма қурилмоқда.
Мутахассиснинг айтишича, Баралмос музлиги ҳудудида кучли сув тошқинлари мунтазам равишда асосий халқаро йўлни тўсиб қўяди, маҳаллий аҳоли шаҳардан узилиб қолади.
«Мослашув чораси сифатида биз у ерда одамлар изоляцияда қолиб кетмаслиги учун муқобил йўл ишлаб чиқмоқдамиз», — дея тушунтиради у.

Бошқа чора-тадбирлар қаторида дарахт экиш ҳам бор. «Октябрь ойида Ўзбекистондаги синов ҳудудларимизда аҳоли билан биргаликда дарахтлар экамиз. Бу тупроқни мустаҳкамлашга ёрдам беради ва сел хавфини камайтиради. Одамлар учун бундай тадбирларда қатнашиш муаммони тушунишнинг бир қисмига айланади: ҳа, бу ерда хавф бор ва биз унга биргаликда қарши тура оламиз», — дейди Арипханова Gazeta билан суҳбатда.
Ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурати
Искандар Абдуллаев шундай дейди: ҳозирги таҳдидлар шароитида кузатиш ва муносабат билдириш соҳасида минтақавий ҳамкорлик зарур. Gazeta билан суҳбатда у 2017 йилда Марказий Осиё минтақавий экология маркази (ўша пайтда у ташкилотга раҳбарлик қилган) томонидан ўтказилган тадқиқотни эслади. Ўшанда мутахассислар минтақа давлатлари сув ва экология масалаларида ҳамкорлик қилган тақдирда, йиллик тежамкорлик 4 млрд доллардан ошиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишган.
«Агар минтақамиз сув соҳасида ҳаракатларни мувофиқлаштирса ва маълумотлар алмашса, ҳар йили 4 млрд доллар иқтисод қилган бўлардик. Акс ҳолда, ҳар бир мамлакат таҳдидларга алоҳида тайёргарлик кўришга — ўз сув омборлари, инфратузилмаси, қутқарув хизматларини қуришга мажбур бўлади. Бу қимматроқ ва самарасиз. Зеро, трансчегаравий дарё ҳавзаларидаги жараёнлар бошидан охиригача ўзаро боғлиқ. Муаммони — бу сув танқислиги, қурғоқчилик ёки тошқин бўладими — маҳаллий даражада ҳал қилиш имконсиз. Ахборот алмашиш орқали биз нафақат қўшниларимизни, балки ўзимизни ҳам қутқарамиз», — дейди Абдуллаев.

Сурат: GLOFCA.
Диана Арипханова Gazeta`га таъкидлашича, асосий хавфлар айнан чегараолди ҳудудларида юзага келади. Шунинг учун маълумотлар алмашинуви ва ягона кузатиш базасини яратиш хавфсизликни сезиларли даражада ошириши ва ҳатто инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Бироқ жиддий тўсиқ сақланиб қолмоқда: музликлар, музлик кўллари ва сув ресурслари ҳақидаги маълумотлар анъанавий равишда миллий хавфсизлик ахборотига тааллуқли. Минтақа давлатлари ҳозирча бу маълумотларни баҳам кўриш истагида эмас ва бу борада ишончни шакллантириш айниқса муҳим. Унинг сўзларига кўра, ҳозирданоқ пайдо бўлаётган минтақавий марказлар ижобий белги бўлиб, улар келгусида умумий маълумотлар тизимига айланиши мумкин.
