Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб автомобилга газ баллон ўрнатилганидан сўнг «техпаспорт»ни алмаштириш талаб этилмайди. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2025 йил 16 сентябрда «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-286-сон} қарори қабул қилинган.

Унга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб транспорт воситасига газ баллони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, автомобилларга газ баллони ўрнатиш учун рухсатномани онлайн олиш мумкин. Хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz орқали ариза юборилади.

Gazeta аввалроқ ёнғин техникавий экспертизаси лабораторияси мудири Якубжон Рустемовнинг газ баллонли автомобилларни ҳайдашда нималарга эътибор бериш кераклиги бўйича тавсияларини эълон қилганди.