Ўзбекистоннинг уч вилоятида наркотик моддалар савдосида гумон қилинган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИВ.
Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 111 килограмм гиёҳвандлик воситаси (81 кг гашиш ва 30 кг опий) мусодара қилинди.
Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида ўтказилган тезкор тадбир давомида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотнинг олти нафар аъзоси қўлга олинди:
- 13 сентябрь куни Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро наркотик партиясини олаётган вақтда ушланди;
- Андижон вилоятида икки нафар гумонланувчи яширинган жойидан 10 кг гашишни олаётганда қўлга тушди;
- Андижон вилоятида яшовчи жиноий гуруҳнинг икки аъзоси кафеда 1 кг опийни 6 минг долларга сотиб олаётган вақтида қўлга олинди;
- Ангрен шаҳрида муқаддам уч марта судланган шахс 5 кг опийни олаётган вақтида ушланди.
ИИВнинг қайд этишича, трансчегаравий уюшган гуруҳ наркотик моддалар савдоси билан бир неча йиллардан бери шуғулланиб келган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.