Ўтган сентябрь ойида ҳаво анча илиқ бўлди, ҳарорат эса ҳеч қандай кескин ўзгаришларсиз кузатилди, дейилади Ўзгидрометнинг иқлим шарҳида.
Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати асосан қулай — +29…+34 даража атрофида, энг иссиқ кунларда эса баъзи жойларда +35…+37 даражагача, жанубда +38…+40 даражагача бўлди.
Ойнинг иккинчи ярмида ҳароратнинг қисқа муддатли пасайиши кузатилди. Кечаси ва эрталаб тетиклантирувчи куз салқинлиги сезилиб, ҳаво ҳарорати +9…+14 даражагача бўлди, кундузи эса ҳарорат +23…+26 даражадан, энг чекка жанубда +29…+31 даражадан ошмади.
Қорақалпоғистонда сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги бошида ҳаво ҳарорати +23…+28 даражагача, ойнинг охирги кунларида эса +18…+20 даражагача пасайиб кетди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати мамлакатнинг аксарият ҳудудларида меъёрдан 1,2−2,3 даража юқори, шимолда баъзи жойларда меъёр атрофида бўлди.
Ўтган сентябрь ойи бутун метеорологик кузатишлар тарихида жануб ва Фарғона водийсидаги энг иссиқ сентябрь ойлари учлигига, марказий ҳудудларда эса бешлигига кирди.
Сентябрь ойидаги энг юқори ва энг паст ҳаво ҳарорати кузнинг биринчи ойидаги ҳарорат рекордларидан узоқ бўлди, дея қайд этди Ўзгидромет.
Сентябрь жуда қуруқ шароитлар билан ажралиб турди. Ўзбекистоннинг кўп қисмида ёғингарчилик бўлмади ёки фақат ёмғир излари (0,0−0,5 мм) кузатилди.
Фақат Қорақалпоғистонда ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан 2−3, айрим туманларда 4−7 баробар кўп ёғди.
Шимол, жануб ва чўл зоналарида, камдан-кам ҳолларда марказий ҳудудларда баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайди, Устюртда 22 м/с гача қайд этилди. Баъзи ҳудудларда шамол кучайиши чанг-тўзонлар билан бирга келди. Тез-тез чангли ғуборлар вужудга келди.
22 сентябрь куни Тошкентни чанг-ғубор қоплади. Кўринувчанлик 4 км га камайди. Чанг совуқ фронт билан бирга Ўзбекистоннинг чўл ҳудудлари ва жанубий Қозоғистондан кириб келди. Атмосферада ҳосил бўлган ҳарорат инверсияси ҳавонинг конвектив ўзгаришига ва ғуборнинг тарқалишига тўсқинлик қилди. Ғубор ва унинг ҳисобига ҳосил бўлган ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлиши пойтахтда тахминан 24 соат давом этди.