• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Safe Road иловасида «чиройли» авторақамлар савдоси йўлга қўйилди


Safe Road иловаси орқали янги хизмат — давлат авторақамларини харид қилиш имконияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда илованинг Telegram каналида хабар қилинди. Булар аукционга қўйилиб, сотилмай қолган 1−3-тоифадаги давлат рақами белгилари бўлиб, улар Uzavtomotobelgi давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади

Қайд этилишича, авторақам харид қилиш жараёни оддий бўлиб, аввал маъқул рақам танланади, сўнг онлайн тўлов қилинади.

Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида фойдаланувчилар оқими катта бўлгани сабабли ЙҲХХ тизимида носозликлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Иловада авторақамни танлаш жараёни.

Ҳозирда илова орқали авторақамларни сотиб олиш хизмати тест режимида ишламоқда. Safe Road’га киргач «Хизматлар» бўлимида «Авторақам сотиб олиш» хизмати мавжуд. Унда жисмоний ва юридик шахслар алоҳида ойналар орқали автомобиль рақамларини излаши мумкин.

Фойдаланувчи ҳудуд, маъқул авторақам, рақам формати (горизонтол, квадрат), автомобилнинг двигатель турини танлаши керак. Ундан кейин «Қидирув» тугмасини босгач, натижалар келиб чиқади.

Spot қайд этишича, тўлов миқдори жисмоний шахслар учун БҲМнинг 17 баравари (7 млн сўм), юридик шахслар учун эса БҲМнинг 25 баравари (10,3 млн сўм)ни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрдаги қарорига мувофиқ, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» 2025 йил 1 октябрдан бошлаб «чиройли» давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатди.

Аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилиб, сотилмаган харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари:

  • 1−3-тоифадаги давлат рақами белгилари — Uzavtomotobelgi давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади;
  • 4−6-тоифадаги давлат рақами белгилари — харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартибида берилади.

Safe Road йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар, тонировка, суғурта муддати, техник кўрик ҳақида маълумотлар тақдим этадиган илова бўлиб, у апрель ойида Road24 иловаси ўрнига ишга туширилган эди. Бундан ташқари, автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш, ишончнома расмийлаштириш, автомобилга тақиқ бор ёки йўқлигини текшириш, электрон навбат каби хизматлардан фойдаланиш мумкин.

Ўшанда Road24 «яхши ишламагани учун», илова ва ЙҲХХ ўртасидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот алмашинуви батамом тўхтатилгани, унинг ўрнига янги Safe Road иловаси ишлаб чиқилганини маълум қилинган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *