• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ЎФА Фабио Каннаваро билан музокараларга киришганини тасдиқлади – Gazeta


Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоага италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Ассоциация ФИФА Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритилгандан сўнг мусобақага пухта тайёргарлик кўриш навбатдаги устувор вазифа эканини қайд этди.

«Халқаро тажрибага эга ва Жаҳон чемпионатида иштирок этган мутахассисларни терма жамоага таклиф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, ЎФА раҳбарияти бу борада яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири, Жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилда дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган таниқли италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бормоқда», — дейилади ЎФА хабарида.

Ассоциация шунингдек, музокаралар бўйича батафсил ва расмий хабарлар ЎФА саҳифаларида эълон қилинишини таъкидлади ва ОАВ вакилларидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий ва асоссиз хабарларга таянмасликларини сўради.

2 октябрь куни инсайдер Фабрицио Романо 2006 йилги жаҳон чемпионати ғолиби ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлишга оғзаки розилик бергани хақида хабар тарқатганди.

ЖЧ-2026 учун мураббий излаш

Ўзбекистон тарихда илк бор 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олди. Football-Asian хабарига кўра, ЎФА жамоанинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардош ўйинини таъминлай оладиган халқаро тажрибага эга мутахассис изламоқда.

Германия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Йоахим Лёвни таклиф қилишга уринишлар муваффақиятсиз якунланди — германиялик мураббий таклифни рад этди. Шунингдек, Туркия терма жамоасининг собиқ устози Фатиҳ Терим билан ҳам музокаралар олиб борилган, аммо келишувга эришилмаган.

Шундан сўнг сентябрь бошида терма жамоани бошқариш учун кўрилган яна бир номзод — Португалия ва Жанубий Корея собиқ бош мураббийи Паулу Бенту ҳам Ўзбекистонга мураббийлик қилиш таклифини рад этганди. Мутахассис Ўзбекистонга келиб, ассоциация раҳбарияти билан учрашган, бироқ таклиф қилинган шартлар унга мос келмаган.

Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоасини Тимур Кападзе бошқармоқда, унинг бошчилигида жамоа яқинда Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган CAFA Nations Cup 2025 турнирида ғолиб бўлди.

Тимур Кападзе жамоага янги мураббий тайинланиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, «мураббий ким бўлишидан қатъи назар, терма жамоага мухлислик қилишимиз керак», деганди. У бу мавзу кўп муҳокама қилиниши футболчиларга ҳам таъсир этиши мумкинлигини таъкидлаган.

Темур Кападзе Oriat Dono радиосидаги «Futbol+» кўрсатувида ўзбек мураббийлари ҳам ЖЧда тажриба ортириши кераклигини айтганди. «Жаҳон чемпионатида бўлмаса, [бошқа] қаерда тажриба йиғамиз. Йиғилган тажриба шу ерда — ўзбек футболида қўлланиладику», — деганди бош мураббий.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *