• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Марказий банк насия савдо бозорини тартибга солиш бўйича лойиҳани эълон қилди



Ўзбекистон Марказий банки насия савдо бозори иштирокчиларининг ахлоқ қоидалари лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистонда насия савдо бозорида янги талаблар жорий этиш кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, FinTex Ассоциацияси орқали бозор иштирокчилари учун «Ишонч белгиси» тизими жорий этилади. Ушбу белги насия хизматлари шаффоф ва қонунга мувофиқ йўлга қўйилганини англатади. Белгини олувчи FinTex Ассоциацияси аъзоси бўлиши керак.

Шартномалар ва маълумот ошкоралигига оид қоидаларга кўра, ҳар бир насия ташкилоти ўз расмий веб-сайтида барча маҳсулотлар, тўлов тартиби, комиссия ва жарималар ҳақида очиқ маълумот бериши лозимлиги белгиланмоқда.

Мижозларга шартнома тузишдан олдин қуйидагилар тақдим этилиши керак:

  • товар ёки хизматнинг бирйўла тўлаш учун белгиланган тўлиқ нархи;
  • барча устама ва комиссияларни ҳисобга олган ҳолда тўланадиган умумий сумма;
  • тўлов жадвали;
  • барча турдаги йиғимлар, жарималар;
  • насия савдо хизматининг тўлиқ қийматини йиллик фоизлардаги эквиваленти (ARP);
  • шартномани муддатидан олдин бекор қилиш шартлари;
  • тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликнинг оқибатлари ҳақида маълумот;
  • насия савдо ташкилотининг «Ишонч белгиси» рақами;
  • мурожаат учун контакт маълумотлари.

Янги талабларга кўра, насия хизматлари фақат 18 ёшдан катта фуқароларга кўрсатилади, илк лимит 2 млн сўм этиб белгиланган. Агар мижоз лимитни оширишни хоҳласа, унинг қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги керак. Қарздорликни ундириш жараёнида таҳдид ёки босим ўтказиш каби ноқонуний усуллардан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Барча фоиз ва йиғимлар йилига асосий қарзнинг ярмидан кўп бўлмаслиги лозим.

Мижознинг илгари олган қарзлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда унга янги насия савдо хизмати кўрсатилмайди. Насия савдо ташкилотлари томонидан муддати ўтган қарздорликлар билан ишлаш механизмлари (Soft-Collection, Hard-Collection, Legal-Collection) ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида янги мижозлар биометрик усулда рўйхатдан ўтказилади, ташкилотларда ахборот ва киберхавфсизлик бўлимлари фаолият юритади. Кредит бюролари билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Реклама ва тарғибот маълумотлари ноаниқ, нотўғри йўналтирувчи ёки чалғитувчи бўлмаслиги талаб этилади. Масалан, «0%» ва «бепул» ибораларидан (агар ҳақиқатга мос келмаса) фойдаланмаслик, шунингдек, «барча мижозлар учун мос» ёки «хавфсиз» эканлиги каби хабарлар тарқатмаслик лозим.

Реклама маълумотларида кечиктирилган тўловлар ёки бошқа йиғимлар қўлланилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилиши керак. Исломий молия тамойилларига мувофиқ деб тақдим этиладиган рекламаларда мувофиқлик ҳақида қисқача изоҳ ва Махсус кенгаш хулосаси жойлашган манбага ҳавола тақдим этилиши лозим.

Июнь ойида Марказий банк раҳбари Тимур Ишметов Ўзбекистонда муддатли тўлов бозори 8,5 трлн сўмга етганини маълум қилганди.

«Насия савдо шартномаларида устама ҳақи ёки реал эффектив фоиз ставкасининг аниқ кўрсатилмаслиги мижозларда қарз юкининг ҳаддан ташқари ошишига сабаб бўлиб, тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари томонидан олинган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги, уларнинг муаммоли кредитларга айланиши хатарларини юзага келтирмоқда», — деганди ўшанда Тимур Ишметов.

Аввалроқ регулятор насия хизматлар айланмасининг ўсиши ва насия истеъмолчиларининг профилини ўрганганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *