Кундалик иқлим ва иқлим шаҳарсозлиги
Иқлим ўзгариши ҳақидаги қизғин баҳсларда кўпинча глобал масалаларга урғу берилади — музликлар эриши, яшилликнинг қисқариши, сув муаммолари, иқлим мигрантлари каби. Аммо иқлим ўзгаришининг таъсирини кундалик ҳаётимизда, бизни ўраб турган муҳитда, ҳар кунлик машғулотларимизда кўришимиз мумкин. Масалан, Тошкент ёки кўчаларини тўлдириб турган, кун саин янгилари кўкка бўй чўзаётган кўп қаватли уйларга эътибор берсангиз, уларнинг ўхшашлиги фақат ташқи кўринишида, умумий услуб ва дизайнда эмас; деразалар биқинида жойлашган кондиционер ташқи блоклари ҳам баланд қаватли бинолар фасадининг одатий қисмига айланиб қолди.
Кондиционерлар аввалдан ишлатилган, албатта. Лекин йил саин кондиционерларга бўлган талаб ортиб бормоқда. 2024 йилда кондиционер бозори 67,32 млрд долларни ташкил қилган, 2025 йилда эса унинг ҳажми 6,4 фоизга ошиши кутилмоқда.
Бу, бир томондан, аҳолининг молиявий имкониятлари ошиб бораётганини кўрсатади; бошқа томондан эса, ҳаво исиб бораётганидан ҳам далолат беради.
Иқлим ўзгариши бизнинг феъл-атворимизга, машғулотларимизга таъсир қилади: иссиқ пайтларда дам олишни, салқин пайтлари кўча кезишни одат қилиб борамиз. Шаҳарларнинг қиёфасидаги ўзгаришлар кондиционерлар билан чекланмайди — пана маконлар бунёд этилади, ёпиқ пиёда йўллар пайдо бўлади, боғлар кўпаяди. Хуллас, иқлим ўзгариши аллақачон ҳаётимизга таъсир ўтказмоқда, ҳаётимизни бу таъсирга мослаштириб бормоқдамиз.
Жозеф Роммнинг «Climate Change: What Everyone Needs to Know» («Иқлим ўзгариши: ҳар ким учун зарурий билим») китоби ана шундай жиҳатларга эътибор қаратади: муаллиф иқлим ўзгариши музликлар эриши, ҳайвонлар миграцияси, сув тақчиллиги бўлибгина қолмай, хулқ-атворимиз, эҳтиёжларимиз, имкониятларимизда ҳар куни акс этишини таъкидлайди.
Муаллиф ҳақида
Жозеф Ромм америкалик физик олим ва иқлим тадқиқотчисидир. Массачусетс технологик институтида физик океанография бўйича докторлик ишини ёқлаган. Лекин у кўпроқ илмий-оммабоп китоб ва мақолалар муаллифи, блогер ҳамда иқлим ўзгариши адвокатсияси билан шуғулланувчи жамоат фаоли сифатида машҳур. Ромм турли шоулардаги чиқишлари, иссиқхона газлари чиқарилиши борасидаги мақолалари билан танилган.
Ромм мавзу бўйича ўнга яқин китоб муаллифидир. Унинг 2006 йилда чоп этилган «Hell and High Water: Global Warming — the Solution and the Politics — and What We Should Do» («Жаҳаннам ва сув кўтарилиши: глобал исиш — ечим ва сиёсат, ва нима қилишимиз керак») китоби ўз вақтида шовшувга сабаб бўлган эди. Китобда иқлим ўзгаришининг хатарли оқибатлари таҳлил қилинади, АҚШ ҳукуматига шошилинч кўрилиши керак бўлган чоралар таклиф қилинади.
2015 йилда нашрдан чиққан «Иқлим ўзгариши» китоби эса содда тилда ёзилгани, кенг оммага мўлжаллангани ва иқлим ўзгариши ҳақида бирламчи тушунчаларни бериши билан қадрлидир.
Китоб нега керак?
Иқлим ўзгариши факт ўлароқ кундалик ҳаётимизга кириб келган экан, у ҳақда етарли билимга эга бўлишимиз яшашимизни осонлаштиради. Иссиққа қандай мослашиш керак, глобал ўзгаришларни секинлатиш учун нима қила оламиз — сайёранинг қайси бурчагида яшаманг, бу саволларга жавобларни билишингиз керак.
Жозеф Роммнинг «Иқлим ўзгариши» эса мана шу саволларга жавоблар берилган, умуман мавзу юзасидан асосий масалалар тартибли, тизимли тушунтирилган энг яхши китоблардандир.
Юқорида тилга олинган «Жаҳаннам ва сув кўтарилиши» китоби кўпроқ америкалик китобхонга йўналтирилган, АҚШ ҳукуматига хусусий тавсиялар беришга мўлжалланган китоб бўлса, «Иқлим ўзгариши» универсалроқ матндир: унда энг асосий тушунчалар бир бошидан тавсифланади, ҳар бир инсон олдида турган таҳдидлар кўриб чиқилади.
Уч асосий ғоя
Китобда кўплаб фикрлар берилган, лекин учтаси, назаримизда, алоҳида аҳамиятга эга:
- Иқлим тез ўзгармоқда, тезлик эса таҳдиддир. Ер тарихида иқлимий ўзгаришлар кўп бўлган, лекин улар бу қадар тез бормаган.
- Оқибатлар аллақачон биз билан. Экстремал жазирама, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик, озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги олис 2100 йиллар истиқболи эмас — улар аллақачон турли мамлакатларда одатий тусга кириб қолди. Тунги иссиқда ухлай олмай, кондиционер ёққан бўлсангиз, оқибатларни сиз ҳам пайқагансиз.
- Ечимлар бор. Қўрқиш эмас, ҳаракат қилиш керак. Уч асосий қадам — электр тежамкорлиги, тозалик ва тежамкорлик. Электр автомобиль, энергетик самарадор уйлар аллақачон бор, улардан фойдаланишни кенгайтириш керак.
Савол-жавоб китоби ёхуд биз кўп гўшт еяпмиз
Китоб савол-жавоб тарзида тузилган бўлиб, ундаги ҳар бир боб битта конкрет саволга жавоб беради. Жумладан:
- иқлим нима ва у об-ҳаводан қандай фарқ қилади?
- глобал исиш рўй бераётганини қаердан биламиз?
- олимлар иқлим ўзгаришининг асосий сабабчиси инсоният эканини қаердан билади?
- ҳаракат қилмасак, нималар рўй беради?
- қандай ечимлар бор? Сиз бу ишга қандай ҳисса қўша оласиз?
Айниқса охирги банд кўпчиликда қизиқиш уйғотса керак. Дарҳақиқат, бутун сайёрани қамраб олган глобал жараёнларга битта алоҳида одам қандай таъсир кўрсата олади? Сиз қандай таъсир кўрсата оласиз? Музликларни сақлаб қола олмайсиз, исишни тўхтатиб бера олмайсиз албатта. Лекин жамоат транспорти ёки велосипедда кўпроқ юришингиз, уйда ва ишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишингиз, энг муҳими, озиқ-овқатни исроф қилмаслигингиз мумкин — озиқ-овқат чиқиндилари ҳам иқлимга таъсир қилади.
Яна бир қизиқ тавсия. Муаллиф қизил гўшт истеъмолини камайтиришни маслаҳат беради, негаки чорвачилик метан газининг энг катта манбаларидан ҳисобланади. Бу маълумотдан сўнг «кўп гўшт еяпмиз» меми янгича маънолар касб этади.
Мифларга қарши кураш
Иқлим ўзгариши борасида қанчадан-қанча ёлғон-яшиқ гаплар, маълумотлар бор демайсиз. Иқлим ўзгаришини инкор қилувчи мақолалар баъзида шу қадар ишонч билан ёзиладики, уларни далилланган илмий тадқиқотдан ажрата олмайсиз. Роммнинг китоби бу мифларнинг аксариятига жавоб беради.
Масалан, «тарихан иқлим доим ўзгариб турган» деган аргументга қарши иккита асосий контраргумент берилади: бу қадар тез ўзгармаган ва инсон айби билан ўзгармаган. Олдин минг йиллар давом этган ўзгаришлар ўн йилда рўй бераётган пайтда кўнгилни хотиржам қилиш мавриди эмас.
«Яшил энергетика қиммат ва самарасиз» деган фикрга қарши жавоб ҳам икки банддан иборат: биринчидан, технологиялар арзонлашиб бормоқда, оммалашгани саин арзонлашиб боради, самарадорлиги ҳам ошиб боради; иккинчидан, ҳозир нарх баҳона ҳаракат қилинмаса, эртага янада қимматроқ нарх тўлашга тўғри келади.
Режали ҳаракат сайёрани қутқаради
«Иқлим ўзгариши» ортиқча пафоссиз, кўпиртирилмай ёзилган. Юқоридаги таҳлилдан у одамларни ваҳимага туширишга ҳаракат қилинган асар деб тушунилиши мумкин. Аслида ундай эмас: муаллиф, аксинча, иқлим ўзгариши тез суръатларда бораётганига қарамай, ҳали ечимлар борлигини айтади, аммо имкониятлар эшиги ёпилиб бораётганидан огоҳлантиради.
Ромм мўъжиза ваъда қилмайди, лекин ечимларни кўрсатади. Ҳар бир инсон амалга ошира оладиган энг кичик қадамлар ҳам вазиятни ўзгартира олиши эса ҳали умид борлигини кўрсатади ва ўқувчини руҳлантиради.

Жозеф Роммнинг «Иқлим ўзгариши: ҳар ким учун зарурий билим» китоби 1000KITOB лойиҳаси доирасида ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Ушбу китоб билан тез кунда қоғоз ва электрон шаклда танишишингиз мумкин бўлади.
