Давлат хавфсизлик хизмати бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борган тезкор тадбирларда турли соҳа ва лавозимларда фаолият юритувчи шахсларнинг коррупцион хатти-ҳаракатлари аниқланди.

ДХХ маълумотига кўра, Наманаган вилоятида Халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги вилоят ҳакамлик суди судьяси Чуст туманида яшовчи фуқародан 3,2 минг доллар талаб қилган. У «Мустақиллик» МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган низоли нотурар бино бўйича ҳал қилув қарорини чиқариб беришни ваъда қилган. Судья сўралган пулни олаётганида ушланди.

Фарғона вилоятида эса Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг бош мутахассиси фермер хўжалик раҳбаридан 500 доллар олган вақтида қўлга олинди. У хўжаликка наслчилик тоифасига ўтказилгани ҳақида гувоҳнома расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ушбу маблағ бошқарма бошлиғининг ўринбосарига етказилиши керак бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ўринбосар 300 доллар олаётганда ушланган.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида МЧЖ раҳбари икки фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг пенсия стажини ошириш эвазига 2 минг доллар талаб қилди. У «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими билан тил бириктириб, фуқаро маълумотларини сохталаштирган ва ҳар бири учун 2,5 миллион сўмдан пенсия тайинлашни ваъда қилган. Раҳбар келишилган 1900 долларни олаётганда қўлга олинди.

Пойтахтда эса Тошкент шаҳри каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг икки бўлим бошлиғи қўлга олинди. Улар қурилиш фирмасидан Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 миллион сўм жарима расмийлаштирмаслик ва келгусида «раҳнамолик қилиш» эвазига 30 миллион сўм олган вақтида ушланди.

ДХХ хабарида қайд этилишича, барча ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.