Ушбу шарҳ асосан «Ўзгидромет» ва халқаро об-ҳаво прогноз марказларининг узоқ муддатли об-ҳаво маълумотлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас. Бу каби узоқ муддат учун тузилган кутилмаларнинг оқланиш даражаси паст бўлгани учун, буни маслаҳатомуз кўринишда қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистон қишлоқ ҳаётида октябрь — йилнинг энг масъулиятли ва ҳал қилувчи ойи ҳисобланади. Бу ойда деҳқон, боғбон ва фермернинг бутун йиллик меҳнати ўз самарасини беради. Дала ҳосили, боғда пишган мева, токдаги узум ва боғлардаги сабзавотлар айнан октябрда йиғиб-териб олиниши шарт.
Ҳар бир кун, ҳатто ҳар бир соат ҳам қимматли — чунки кечиккан ҳар бир иш маҳсулотнинг йўқотилишига олиб келиши мумкин. Бироқ, табиат ҳар доим ҳам инсон режасига бўйсунавермайди. Баъзи йиллари октябрь қуруқ ва қуёшли келса, яна баъзиларида тинимсиз ёмғирлар дала ишларини қийинлаштириб қўяди. Шундай вазиятларда деҳқоннинг сабри, иродаси ва ташкилотчилиги синовдан ўтади.
Октябрь ўзбек тафаккурида ҳам ўзига хос маънавий қиёфа касб этган энг қулай ойдир. Узоқ давом этган ёзнинг иссиқ ва ёғинсиз кунларидан кейин октябрь табиатга нафас, инсон танасига куч-қувват, ерга серҳосиллик, кишиларга умид ва шукроналик олиб келади.
Бу ойда ҳавода ёпирилган хосилнинг ҳиди, узумнинг ширин таъми, боғлардаги олма ва анорнинг янгроқ ранглари таралади, ҳис этилади. Далаларда пахта терими қизғин паллага киради. Фермернинг уйи ва ҳовлиси ҳосил билан тўлади, деҳқоннинг қўли ишдан бўшамайди. Боғлардаги барча турдаги мева-чевалар бир вақтнинг ўзида йиғиб олинади, сабзавот ва полиз маҳсулотлари омборларга йўналтирилади.
Кузнинг ўрта ойи октябрь баҳорнинг ўрта ойи апрелга ўхшаб кетади. Фарқи — апрелда дарахтлар кенг миқёсда яшил тусга кирса, октябрда эса сариққа бурканади. Ва апрел сўнгида кунлар исиб борса, октябрда эса совиб боради. Ўхшаш томонлари — кишилар иқлимий муҳитдан ушбу икки ойда деярли бир хил таъсирланади. Яъни, кишилар физиологияси, танасига иқлимий муҳит мазкур ойларда жуда кўп муддатларда қулай ҳиссиёт муҳитни тақдим этади.
Аммо шунга қарамай октябрда азалдан +40 даражага яқин иссиқ ҳарорат қийматлари билан бир қаторда -20 даражага яқин совуқ ҳарорат қийматлари ҳам кузатилгани ойнинг табиат учун нақадар ҳал этилувчи муддат эканини англатади. Ушбу ойда ёғинлар аста кўпайиб боради. Кузатувларга кўра, ойнинг 25−30 фоиз қисми булутли ва ёғинли ўтиши ойдинлашади. Шунга қарамай, айрим йилларда ой давомида умуман бир томчи ҳам ёмғир тушмаган даврлар ўтмишдан кўп кузатилган. Масалан, 2020 йилнинг октябри жуда ҳам қуруқ бўлган эди.
2025 йилнинг октябри қандай келади?
Ўтган ой бошида куз фасли учун ишлаб чиққан прогнозимизда кузнинг ўрта ойи бироз илиқроқ ва қуруқроқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Аммо, Ер атмосфераси ва дунё океани ҳароратидаги вазиятлар сабаб, бу прогноз бизнинг минтақа учун бироз ўзгаришлар кузатилишига олиб келиши мумкин. Гарчи ёғингарчилик кесимида ойнинг қуруқ бўлиши билан боғлиқ тахминлар жорий ойда ҳам ўз кучида қолган бўлса-да, ойлик ҳаво ҳарорати бўйича вазият бироз ўзгарди.
Яъни октябрда камида иккита совуқ антициклонларнинг минтақага чуқурроқ кириб келиш кутилмалари октябр ойининг мўътадил, айрим ҳудудларда эса ҳатто анчайин совуқ бўлиш ҳолатларини келтириб чиқариши тобора ойдинлашмоқда. Аммо, шунга қарамай, ой давомида совуқ ҳаволардан сўнг, ҳароратни кескин исиб кетишини таъминлайдиган иссиқ ҳаволарнинг минтақага кириб келиши истисно этилмайди. Яъни, умумий маънода кўп эҳтимол ой ҳарорати карусель каби — «бир иссиқ, бир совуқ» тамойилига мос тез-тез тебраниб турса керак.
Жаҳон метеорологик ташкилоти дунёда жорий йил куз мавсуми гарчи океаннинг деярли ҳамма қисмида исиб кетиш билан боғлиқ ҳолат ҳукмрон бўлиб турган айни пайтда, Тинч океани марказидаги сув ҳароратининг совиши билан боғлиқ Ла-Нинья ҳодисаси сабаб, бизнинг минтақада куз ҳарорати у қадар иссиқ бўлиб кетмаслигини маълум қилган.
Бу ҳақида ўтган ойнинг бошидаги куз фасли учун ишлаб чиққан мавсумий маслаҳатомуз об-ҳаво прогнозида айтиб ўтган эдик. Ҳозирда Тинч окани марказидаги сув ҳарорати «ўртача» даражада совиб кетувчи Ла-Нинья ҳодисаси бўлаётгани кўрсатилмоқда. Сув ҳарорати ўртача иқлимий меъёрдан 3 даражагача пасайиб кетган. Бунинг таъсири минтақа учун яқин бир ойликда совуқ антициклонлар кучайишини англатаверади.
Манба: NOAA
«Ўзгидромет» прогнозида 2025 йилнинг октябрь ойида кутилаётган ойлик ёғингарчилик ҳамда ойлик ҳаво ҳароратининг кўп йиллик иқлимий меъёрга нисбатан қандай четланиши, бошқача айтганда, ой қуруқми ёки сернам ёки аксинча совуқми ёки илиқ бўлиши ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган.
Агентлик маслаҳатомуз прогнозида ойнинг биринчи ўн кунлиги бошлари куз учун илк совуқни тақдим этиб, 3 октябрдагина водий вилоятларида ёғингарчилик бўлиши келтирилган. Биринчи ўн кунликнинг бошқа кунлари қуруқ ва аста-секин ҳароратнинг кўтарилиб кетиши қўшимча қилинган. Шундай қилиб, 4−10 октябрь оралиғида ой бошидаги совуқ кунларга нисбатан 5−7 даражага кўтарилиши, кундузлари ҳаво ҳарорати +23…+26 даражагача иссиқ бўлиши прогноз қилинган. Бу каби иқлимий муҳит танага хуш ёқувчи об-ҳаво муҳитига мос тушади.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликлари айрим кунларида республиканинг баъзи жойларида ёғин кузатилади. Ҳаво ҳарорати кечалари +10…15 даража илиқдан +5…+10 даража илиқ, кундузлари +23…+28 даражадан +15…+20 даража оралиғида ўзгаради. Ушбу ойда шимол ва тоғларда ҳаво ҳарорати минимумлари -3 даражагача пасайиб кетиши қайд этилган. Умуман олганда, ушбу хабардан келиб чиқиб, ой давомида тахминий камида иккита нам ва камида яна битта совуқ ҳаво оқимларининг минтақага кириб келишини тахмин қилишимиз мумкин бўлади.
Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво хизмат марказининг 2025 йилнинг октябрь ойи учун ишлаб чиққан картасида ойнинг биринчи ўн кунлиги совуқ ва қуруқ, иккинчи ўн кунлиги ҳарорат режими бўйича меъёрий ва ёғингарчилик бўйича қуруқ, учинчи ўн кунлиги ҳарорат бўйича шимолий ҳудудларда иссиқ, республиканинг бошқа ҳудудларида меъёрий, ёғингарчилик кесимида шимолда меъёрий бошқа ҳудудларда меъёрдан анча кам, яъни қуруқ об-ҳаво бўлиши маълум қилинган.
Ўзбекистонда жорий йил иқлимига ўхшаш йилларда кузатилган октябрь ойларидаги ёғингарчилик ва ҳарорат ўзгаришлари, халқаро об-ҳаво прогноз марказ маълумотлари хабарига таяниб, жорий октябрда ойлик ёғингарчилик ва ойлик ҳаво ҳароратининг кўп йиллик иқлимий меъёрга нисбатан четланишини ишлаб чиқдик. Бу карта фойдалананувчида ой давомида ҳарорат илиқми ёки совуқ, ёғингарчилик кўпми ёки камлиги ҳақида тўлиқ тасаввурни шакллантиради.


Хулоса қилиб айтганда, октябрь ойи умумий фонда анча қуруқ, фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Навоий вилояти шимолий ҳудудлари ҳамда Айдаркўл атрофида меъёрдан кўпроқ ёғингарчиликлар тушиши мумкинлиги англанади.
Ҳарорат режимида эса тақсимот турлича кўринишга эга. Масалан, шимолий ҳудудлар, Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятларида ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан паст, яъни совуқроқ кузатилса, жанубий вилоятларда иссиқроқ бўлиши ойдинлашган. Бошқа ҳудудларда эса аҳоли кўп йиллик октябрларга хос меъёрий октябрга гувоҳи бўлишлари мумкин.
Шундай қилиб, ой ҳарорати республиканинг катта қисмида меърий ва ундан бироз пастроқ, ёғингарчилик кесимида шимол ҳудудларидан ташқари ҳудудларда анча кам ёғин тушиши ойдинлашган. Шундай кутилмалар ҳам борки, воҳанинг айрим ҳудудларида ушбу ойда осмондан бир томчи ҳам ёғин тушмаслиги мумкин.
Такрор бўлса-да, шуни яна бир бор алоҳида таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан ойлик ва мавсумий об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ой учун 60−70 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.

