Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси товламачиликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, улар тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки ДХХ томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиб бермоқчи бўлган.

Улар эвазига хўжалик раҳбаридан июнь ойида 10 минг доллар олган. Кейинроқ эса ҳокими ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг доллар талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг долларини мутахассис орқали олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.