• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Санаэ Такаити Япониянинг ҳукмрон партияси етакчига айланди. У мамлакат бош вазири лавозимидаги илк аёл бўлади


Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) 64 ёшли Санаэ Такаитини ўзининг янги раиси этиб сайлади, деб хабар бермоқда Kyodo News.

Такаити овоз беришнинг иккинчи босқичида 185 та, унинг рақиби, қишлоқ хўжалиги вазири 44 ёшли Синдзиро Коидзуми эса 156 та овоз тўплади.

«Шунчаки байрам қилиш ўрнига, ҳақиқий синов энди бошланаётганини биламан. Ишонаманки, олдинда бизни кўплаб ишлар кутмоқда ва биз уни биргаликда, барчанинг қўллаб-қувватлаши остида уддалашимиз керак. Барчангиз билан биргаликда мен ЛДПга янги ҳаёт бағишлашга ва уни одамларнинг ташвишларини умидга айлантирадиган ижобий партияга айлантиришга ҳаракат қиламан», — деди Такаити натижалар эълон қилинганидан кейин партиядошларига юзланиб.

Такаити, шунингдек, партиядаги ҳамма тинимсиз ишлаши кераклигини ва ўзи ҳам «иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат» атамасини ўз луғатидан чиқариб ташлаб, янада кўпроқ ишлашини айтди.

Такаити Япония бош вазири этиб тасдиқланиши кутилаётган парламент йиғилиши 15 октябрга белгиланган. Агар парламент унинг номзодини қўллаб-қувватласа, у мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлади.

Одатда Японияда бош вазирни тасдиқлаш расмиятчилик бўлса-да, ЛДП парламентнинг иккала палатасида ҳам мутлақ кўпчиликни йўқотди. Шунга қарамай, партия қуйи палатадаги энг нуфузли партия бўлиб қолмоқда, бу эса Такаитининг бош вазир бўлиш имконияти деярли кафолатланганини англатади, деб ёзди Reuters.

ЛДП партиянинг аввалги раҳбари ва амалдаги бош вазир Шигеру Ишиба истеъфога чиққач, муддатидан олдин сайлов ўтказди. У ўз қарорини 2025 йил июль ойида бўлиб ўтган сайловларда ЛДПнинг мағлубияти фонида партия бўлинишининг олдини олиш истаги билан изоҳлаган.

Санаэ Такаити ҳақида нималар маълум?

Такаити марҳум бош вазир Синзо Абэнинг «қирғий» қарашларини қўллаб-қувватлайдиган қатъий консерватор сифатида танилган. Унинг дипломатия ва хавфсизлик масалаларидаги агрессив позицияси Хитой ва Жанубий Корея билан янги зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин, деб ёзди Kyodo News.

Такаити британиялик «Темир хоним» Маргарет Тэтчернинг ишқибозидир. Ижтимоий сиёсатда у аёлларга турмушга чиққандан кейин қизлик фамилиясини сақлаб қолишга рухсат берадиган қонунга, шунингдек, бир жинсли никоҳларга қарши чиқади. У, шунингдек, Япониянинг пацифистик Конституциясини қайта кўриб чиқишни хоҳлайди, дея таъкидлайди BBC News.

Иқтисодий масалаларда Такаити «Абэномика»ни — Абэ томонидан илгари сурилган, юқори бюджет харажатлари ва арзон кредит олишни кўзда тутувчи сиёсатни қўллаб-қувватлайди.

Такаити Абэ кабинетида ички ишлар вазири (2014−2017 ва 2019−2021 йиллар) ва Фумио Кишида кабинетида иқтисодий хавфсизлик вазири (2022−2024 йиллар) лавозимларида ишлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *