• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бу таваккалчилик эмас, балки қоида. Тошкентда зилзила пайтида самолётлар нега аэропортга қўна олмади?



Зилзила вақтида самолётнинг иккинчи айланишга (қўниш учун иккинчи уриниш) кетиши фавқулодда вазият белгиси эмас, балки халқаро хавфсизлик қоидаларида белгиланган тартибдир. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати Gazeta’га маълум қилди.

6 октябрь, душанба кунига ўтар кечаси Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида 2−4 балли давомли зилзила сезилди. Эпицентр Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган бўлиб, у ерда зилзила кучи 7 баллга етди.

Москва — Тошкент SU-1870 рейси билан парвоз қилаётган «Аэрофлот» авиакомпанияси самолёти қўниш вақтида диспетчер буйруғига кўра иккинчи айланишга кетди. Компания маълум қилишича, бу халқаро қоидаларда кўрсатилган стандарт хавфсизлик жараёнидир.

Самолёт қўшимча айланишдан кейин Тошкент аэропортига маҳаллий вақт билан соат 01:50 да хавфсиз қўнди.

«Зилзиладан сўнг тегишли хизматлар ходимлари эҳтимолий шикастланишларни аниқлаш учун тезкорлик билан учиш-қўниш йўлаклари, такси йўлаклари ва аэродромдаги ускуналарни текширади. Текширув якунлангунча самолётларни қабул қилиш ва учириш вақтинча тўхтатилади. Аэродромнинг яроқлилиги тасдиқлангандан сўнг парвозлар одатий тартибда қайта бошланади», — дея маълум қилишди Uzbekistan Airports’нинг аэродромлар эксплуатацияси бўлимида.

Нима учун самолётлар иккинчи айланага киради?

«Иккинчи айланага кириш» деб аталадиган ҳолат — бу қўниш манёврини вақтинча тўхтатиб, кейин яна қайта қўнишга уринишдир. Бу қарор парвоз хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, жумладан, зилзила вақтида ҳам учувчи ёки диспетчер томонидан қабул қилинади.

Зилзила пайтида қуйидаги хавфлар юзага келиши мумкин:

  • учиш-қўниш йўлагида ёриқлар ёки силжишлар;
  • радиолокация, ёритиш ва сигнал бериш ҳамда навигация ускуналарининг шикастланиши;
  • йўлакда тўсиқларни юзага келтирувчи синиқлар ёки тўкилган нарсалар;
  • алоқа ёки бошқарув тизимларида узилишлар.

Бундай ҳолларда экипаж диспетчер билан келишган ҳолда қўниш манёврини тўхтатиши ва аэродром текширилгандан сўнг қайта қўнишни амалга ошириши шарт.

«Зилзила вақтида иккинчи айланишга кириш шунчаки хавфсизлик нуқтаи назаридан мантиқий чора эмас, балки ICAO халқаро қоидалари ва стандартларида, Халқаро авиация қўлланмаларида, авиакомпаниялар ички ҳужжатларида, авиадиспетчерлар учун йўриқномаларда ва аэропортлар учун хавфсизлик бўйича қўлланмаларда белгиланган талаблардир», — дея таъкидлашди компанияда.

Шу тариқа, зилзила пайтида самолётнинг иккинчи айланишга кетиши «автоматик қоида» эмас, аммо умумий авиация хавфсизлик меъёрларига кўра, агар қўниш шароити бузилган бўлса, экипаж аэродром хавфсизлиги тасдиқланмагунича қўнишни тўхтатиши шарт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *