Фарғона вилояти Фурқат туманида ИИБ ходимлари мактаб директори, 34 ёшли Гулираъно Қосимовани ечинтириб, дўппослашган сўнгра ёлғон ариза ёзиб беришга мажбурланган. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.
2025 йил 17 апрель куни директор ўзининг таниши, Фурқат тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновдан ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатиш учун қарз сўрашга боради. Ўша пайтда бир гуруҳ ИИБ тезкор ходимлари тўсатдан пайдо бўлиб, директор ва амалдорни қип-яланғоч қилиб ечинтирган ҳолда дўппослай кетишган.
«Фурқат тумани Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев билан туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги можаро қурбони бўлдим», — дейди Қосимова.
У Қурбонали Абдураҳмонов билан аввалдан таниш экани, у билан бирга ишлаганини айтди.
«Турмуш ўртоғим автоҳалокатга учраши оқибатида ўнг қўлидан жиддий жароҳат олганди. Операцияси учун ҳаммадан пул сўраб юрган вақтим эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан қўли сақлаб қолинди. Аммо кўрикдан ўтганимизда зудлик билан қайта операция қилиниши зарурлигини, бу гал нервларни улаш кераклиги, акс ҳолда қўл қуриб қолишини айтишди», — дейди директор.

Унинг қайд этишича, турмуш ўртоғида биринчи операцияни ўткагандан сўнг, иккинчисига ҳам пул керак бўлган. Шу тариқа Гулираъно Қосимова Фурқат тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновдан қарз сўрагани борган.
«Қурбонали ака билан учрашиб қарз сўраб турган вақтимда фуқаролик кийимида ходимлар пайдо бўлди. Улар иккимизнинг кийимларимизни йиртишиб, уриб-дўппослашди. Қип-яланғоч қилишди. Бир тўда эркаклар қаршисида ожиз қолдим, хўрлигим келди. Нималар бўлаётганини англолмай қолгандим», — таъкидлади Қосимова.
Ялиниб-ёлворишига қарамай Гулираънонинг кўйлаклари йиртилади, қип-яланғоч қилиб ечинтирилиб, ходимлар томонидан аёвсизларча таҳқирланади. Унга қўшиб солиқ идораси бошлиғи ҳам калтакланиб, ечинишга мажбур этилади. Бу орада қўлида телефон камерасини ёқиб олган ходимлар пайдо бўлади ва гўёки жинсий алоқа қилаётган эркак ва аёлни ушлаб олгандай ҳолатни тасвирга тушира кетишади.
Қўлида қоғоз ва ручкаси тайёр турган ходимлардан бири Гулираъно Қосимовани «Солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов мени жинсий алоқа қилишга мажбурлади», қабилида ариза ёзиб берасан, дея мажбурлашга тушади. Мактаб директори эса бундан бош тортади.
«Хўжаевнинг ходимлари сценарийлари асосида кийимларимизни ечиб, съёмка қилиб, уриб, камерага қараб солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтасан дейишди. Ҳеч қандай алоқа бўлгани йўқ, бу нарсаларни гапирмайман, мен бировга туҳмат қилмайман, дедим қатъий туриб олдим», — дейди Қосимова.
Нашрнинг қайд этишича, бу воқеадан аввал туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев солиқ инспекциясининг бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов билан тортишиб қолган, уни лавозимидан ағдариш учун пайт пойлаб юрган. Мактаб директорининг рақиби билан учрашиб қолгани ИИБ бошлиғи учун айни муддао бўлган.
«ИИБ тезкор ходимлари аввалдан сценарий тузишган, солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб жинсий муносабатда бўлди, деб ёзиб беришимни кутишганди. Уларнинг асл мақсади солиқ «каттаси»ни ишдан бўшатиш ва қамаш бўлган. Лекин ходимлар мақсадига эриша олмади. Мен улар хоҳлаган гапни айтиб бермадим», — дейди Қосимова.
«ИИБ навбатчилик қисмига „ушланиб қолганимиз“ ҳақида ҳам хабар берилган. Бунда ҳам қизиқ чалкашликлар бор. ИИБга соат 16:58 да олиб кириляпман мажбуран. Гўёки дўкон сотувчиси мен билан солиқ бошлиғини кўриб қолибди-да, соат 17:21 да 102 га хабар беряпти. Бу ерда қани мантиқ?!», — дейди жабрланувчи аёл.
«Энди яна ҳам қизиқ ҳолатни айтиб бераман: соат 17:21 да берилган хабарни навбатчи ходим Р. Ёрматов соат 17:00 да қабул қилиб оляпти. Кейин ўша асосида бизни „ушлаб“ чиқяпти. Ваҳоланки, соат 16:58 да ички ишларнинг биносида бўлганман. Буларнинг мантиқсиз, қўпол равишда, ҳужжатларни сохталаштиргани одамни ҳайратга солади», — дейди.


Талабни бажармагандан сўнг, ИИБ ходимлари Қосимовани бу ҳолат бўйича унинг турмуш ўртоғига хабар қилиш билан қўрқитган.
«Гапимизга қулоқ солмасанг эрингга хотинингни ушлаб олдик, деймиз, дейишди. Айтавер, экспертиза қилдирасан, ҳақиқатан жинсий алоқа қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб берасан, дедим. Кейин улар ноиложликдан эримни чақиртиришди-да, англашилмовчилик бўлибди, ҳаммаси жойида деб қайтариб юборишди», — дея эслайди Гулираъно Қосимова.
Гулираъно Қосимова қайд этишича, ИИБ ходимлари бостириб келишидан аввал «участкавой» Аъзам Ҳамиджонов ўзининг аввалдан таниши бўлган дўкончи Давлат Юсуповнинг ёнига борган. Бу камера ёзувларида ўз аксини топган.
«Давлат Юсуповнинг туман прокуратурасига берган кўрсатмасидан билиш мумкинки, унга Аъзам қандайдир видеони кўрсатиб, уни 102 рақамига телефон қилиб, гўёки солиқ бошлиғи бир аёлни уйига жинсий алоқа қилиш учун олиб кириб кетди, дейишга кўндиради. Давлат Юсупов «участкавой»нинг сенга ҳеч нарса бўлмайди, деган гапларига ишонган ва 102 га телефон қилган. Кейинчалик Давлат Юсупов таҳдидлар остида ўз кўрсатмаларини ўзгартирган бўлса ҳам, у ички хавфсизлик ходимининг телефон рақамигача келтириб берган. Детализацияларда ҳақиқатан ҳам ўша рақам билан Юсупов Давлат гаплашганини кўриш мумкин», — дейди жабрланувчи аёл.
Қосимова ушбу воқеалардан сўнг ўз жонига қасд қилишга уринган.
«Бошимдан ўтган воқеалар руҳиятимга қаттиқ таъсир кўрсатди. Оилалиман, турмуш ўртоғим, 3 нафар фарзандим, қайнота ва қайнонам олдида, умуман олганда бутун туманда ёмонотлиқ бўлдим. Гарчи туҳмат қурбони бўлган бўлсам-да одамлар буни тушунмасди. Уят бўлса ҳам қайнона ва қайнонамга бошимдан ўтган воқеаларни гавдалантириш, бу ишлар аслида туҳмат эканига ишонтириш учун кийимларимни ечиб, калтак зарбидан кўкариб кетган танамгача кўрсатдим. Барибир бўлмади, ўз жонимга қасд қилдим. Лекин шифокорлар ҳаётимни сақлаб қолишди», — дейди у.

Нашр қайд этишича, Фурқат туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев воқеадан сўнг эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Акмал Хўжаевга Жиноят кодексининг 141−1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а, б» бандлари, 141−3-моддаси (Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми «б» банди, 142-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ҳамда 230−2-моддаси (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш) 1-қисми билан айблов эълон қилинган.
Акмал Хўжаев
Гулираъно Қосимова туман ИИБ бошлиғи қўлга олинган бўлсада, уни ечинтириб калтаклаганходимлар эса озодликда юрганини қайд этган.
«Мени уриб таҳқирлаган тезкор қидирув ходимлари Соҳиб, Тоҳир, Юсуф, Аъзам ва Дилшод эди. Соҳиб, Юсуф, кейин бир ўринбосар бизни съёмка қилганди. У ерда болалар инспектори ҳам бор эди. Уч нафар профилактика инспектори, уч нафар тезкор қидирув ходими, бир нафар терроризмнинг бошлиғи Ғайрат исмли бола ҳам бўлган», — дейди аёл.
«Соҳиб ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб, жойимдан учириб юборган. Тоҳир сочимдан тортиб келиб, юзимни камерага қаратган. Ғазабни келтирадиган саҳнада. Тепамда тўртта эркак, тўртта ички ишлар ходими турибди. Мен илтимос, четроқ туринглар, ҳеч бўлмаса кийимимни кийиб олай, аёл кишиман деяпман. Улар йўқ, бу ерда шартни сен эмас, биз қўямиз дейишяпти. Тўртта эркак менга қараб турди, уларнинг кўз ўнгида кийиндим», — дейди Қосимова.
«Норози бўлаётганим, «шоу»ни «началник» ташкиллаштиряпти, ўринбосар унга кўмаклашяпти. Лекин уларнинг топшириғини бажарганлар-чи? Улар жавобгарликдан четда қолмоқда. ИИБ бошлиғи ва ўринбосари ўз қилмишини тан олди. Тегишли идоралардан мени шу кўйга солган барча ИИБ ходимларига қатъий чора кўришларини сўраб қоламан», — дейди жабрланувчи.
Унинг қайд этишича, бу воқеалардан кейин ИИБ бошлиғи Хўжаев ишдан кетган, ўринбосарига айблов эълон қилинган. Суд бўлиши кутиляпти. Солиқ идорасининг бошлиғи айби йўқлиги учун ишига тикланган.
«Эндиликда эса Жасур исмли ўринбосар ишни бости-бости қилиш учун танишлари орқали 50 минг долларгача пул таклиф қиляпти. Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов дастлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди, лекин 15 млн сўм гаров эвазига қўйиб юборилган», — дейди аёл.
Гулираъно уни таҳқирлаб, дўппослаган «операция»да қатнашган барча ходимларга қонун доирасида қатъий чора кўрилишини истайди. Шунингдек, у ҳозирда оиласи ва ўзига босимлар бўлаётгани, уни турли автомобилларда кузатишаётганини маълум қилган.
Фарғона вилояти прокуратураси нашрга маълум қилишича, ҳолат бўйича прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, собиқ ИИБ бошлиғи ва масъул шахслар бўйича айблов иши мазмунан кўриш учун судга юборилган.
Видео

