АҚШ ҳукумати ҳамроҳи бўлмаган ўсмир мигрантлар ўз мамлакатига ихтиёрий равишда қайтса, уларга 2500 доллар тўлашни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда CNN манбалар ва ички ҳукумат хабарига таяниб.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги (HHS) томонидан тарқатилган ҳужжатда айтилишича, Ички хавфсизлик вазирлиги «Қўшма Штатлардан ихтиёрий равишда чиқиб кетиш истагини билдирган 14 ёш ва ундан катта бўлган ҳамроҳсиз мигрант болаларга 2500 доллар миқдорида бир марталик тўловни тақдим этади». Тўлов «кетгандан кейин реинтеграция бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган», дейилади хабарда.
Дастлабки босқичда ихтиёрий равишда кетиш 17 ёшли мигрантларга таклиф этилади. Уни иммиграция масалалари бўйича судья ҳам тасдиқлаши керак бўлади. Тўлов муҳожирлар ўз ватанига етиб борганида амалга оширилади.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) HHS билан биргаликда «уйга қайтишнинг фақат ихтиёрий вариантини» таклиф қилишини айтди. «Бу ихтиёрий вариант ота-оналар ҳамроҳлигида бўлмаган болаларга танлов ва уларга ўз келажаги ҳақида пухта ўйланган қарор қабул қилиш имконини беради», — дейилади ICE баёнотида.
Тўлов АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги таркибидаги Қочоқларни жойлаштириш бошқармаси (ОРР) васийлигида бўлган кузатувсиз мигрант болаларга берилади. Қонунга кўра, ОРР бундай болаларни 18 ёшга тўлгунларига қадар ёки мос васийларга топширилгунларига қадар бошпаналарга, асраб олувчи оилаларга ва бошқа муассасаларга жойлаштириши шарт. Мексикадан келган муҳожир болалар тўловни ололмайди, дея аниқлик киритди CBS News.
Ҳамроҳсиз мигрант болаларга тўловлар АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг мамлакатни мажбурий депортация ва «ўз-ўзини депортация қилиш» орқали тарк этаётган ноқонуний муҳожирлар сонини кўпайтиришга қаратилган сўнгги ташаббусларидан биридир.
Май ойида АҚШ расмийлари АҚШда ноқонуний равишда бўлган катта ёшли муҳожирларга ўз мамлакатига ихтиёрий равишда қайтиш учун 1000 доллар тўлашни таклиф қилганди.
