1 майдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар бўйича кучга кирган янги божсиз нормалар фуқароларга қўшимча молиявий харажат юклашдан ташқари, бозордаги рақобатга ҳам таъсир кўрсатмоқда, дея ўзгаришга муносабат билдирди «Юксалиш» умуммилий ҳаракати.
Ҳаракат божхона тўловлари монополия хавфини кучайтираётганини таъкидларкан, Ўзбекистонда расмий дистрибьютори бўлмаган товарларни, табиийки, фуқаролар четдан олиб келишга мажбурлигини билдирди.
«Аммо 30 фоизлик бож бу товарларни сунъий қимматлаштириб, истеъмолчи танловининг чекланиши ва йирик импортчиларнинг мавқейи мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Натижада рақобат пасайиши, нархлар ошиб, товарлар сифати ёмонлашиши ва кичик ҳамда ўрта тадбиркорлар учун бозорга кириш имкониятлари чекланиши мумкин. Бунинг оқибатида истеъмолчилар танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва соғлом бозор ривожланиши тўхтайди», — дейилади баёнотда.
«Юксалиш» шунинг учун яширин иқтисодиётга қарши «бошқача, самарали ҳамда инсон ҳуқуқларига дахл қилмайдиган механизмлар» ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Ҳаракат юқоридаги муаммоларга ечим сифатида, қуйидагиларни таклиф қилади:
- жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун товарларни Ўзбекистонга олиб киришда қўлланадиган бож тўловлари, лимитлар ва ставкалар фақат қонун даражасида белгиланиши лозим;
- тижорат мақсадидаги импортни шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлардан аниқ ажратиш механизмини ишлаб чиққан ҳолда, нормадан ошган қисмига нисбатан 30 фоиз ўрнига пастроқ, мутаносиб ва прогрессив ставкаларни қўллаш;
- божхона тарифларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш кўринишида монополияни шакллантириш воситаси эмас, балки фақат ҳақиқий контрабандага қарши кураш ҳамда рақобатни ривожлантириш воситаси сифатида қўллаш;
- ички бозорда етарлича рақобат шаклланмаган товарлар учун импорт шартларини енгиллаштириш;
- рўйхатга олиш жараёнини соддалаштириш ва бож тўлови талаб қилинмаган ҳолларда (масалан, 1−2 дона шахсий қурилма учун) UzIMEI орқали рўйхатга олишни бепул қилиш.
«Шахсий истеъмол товарларига қўлланилаётган юқори бож тўловлари фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига путур етказади. Шундай экан, бож сиёсати иқтисодий эркинлик ва адолат тамойилларини ҳимоя қилган ҳолда контрабандага қарши қаратилган бўлиши мақсадга мувофиқ», — дея хулоса қилади ҳаракат.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 20 апрелдаги қарори билан Ўзбекистонга божсиз олиб кириш нормалари камайтирилганди. Жумладан:
- ҳаво транспортида 1000 доллар (бунгача 2000 доллар эди);
- темир йўл ва дарё транспортида 500 доллар (1000 доллар эди);
- автомобиль ва пиёда ўтказиш пунктлари орқали 300 долларгача қийматдаги товарларни шахсий эҳтиёж учун божсиз олиб кириш мумкин этиб белгиланган.
Худди шу қарор билан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб киришда чет элда бўлишнинг минимал муддати жорий этилган. Хусусан, энди пиёда ёки автомобилда мамлакатга келаётган фуқаролар божсиз товар олиб кириш учун четда камида 2 кун, самолётдагилар эса 3 кун бўлиши керак.
Аввалроқ Божхона қўмитаси хориждан олиб кириладиган мобил қурилмалар учун тўловлар ҳақида маълумот берганди. Тўловлар iPhone 17 Pro Max мисолида.
