7 октябрь кунги савдоларда олтин нархи тарихда биринчи марта унция учун 4000 доллардан ошди.

Сешанба куни Нью Йорк товар биржасида (CОМЕХ) декабрь ойи учун олтин фьючерслари нархи 0,6 фоизга кўтарилиб, бир унция учун 4000,1 долларни ташкил қилди. Тонгги савдоларда нарх ўсиши бироз секинлашди.

Олтинга бўлган талабнинг ўсиши АҚШ ҳукумати ёпилиши (шатдаун) фонида кузатилмоқда. АҚШ ҳукумати маблағ етишмаслиги сабабли 1 октябрь куни ярим тунда ўз ишини қисман тўхтатди. Шатдаун Конгрессдаги Республикачилар ва Демократлар партияси вакиллари янги молиявий йил учун бюджетни келиша олмагани туфайли содир бўлди.

Бунда барча давлат идоралари ҳам ёпилмайди: аҳолига кўрсатадиган хизматлари биринчи даражали эҳтиёжлар тоифасига кирувчи ходимлар одатдаги режимда ишлашда давом этади, бироқ уларга ҳақ тўланмайди. Чегара хизмати, ҳуқуқ-тартибот идоралари, иммиграция ва божхона хизмати (ICE), шифохона пунктлари ходимлари ва ҳаво ҳаракати диспетчерлари ишини давом эттириши кутилмоқда. Зарур ҳисобланмаган давлат хизматчилари вақтинча ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилади. Илгари бундай ишчиларга иш ҳақи кейинчалик эски саналар билан тўлаб берилган.

Шатдауннинг давом этиши олтин нархлари ўсишига туртки бўлади.

Шунингдек, Франция ва Япониядаги молиявий сиёсатга оид хавотирларни кучайтираётган сиёсий инқирозлар ҳам олтин нархининг ошишига сабаб бўлмоқда. Олтиннинг нархи ўсишига марказий банкларнинг, айниқса, ривожланаётган мамлакатларнинг йирик харидлари ҳам туртки бўлмоқда. Бу мамлакатлар долларга қарамликни камайтириш учун ҳаракат қилмоқда, деб таъкидлади Meduza.

Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотларига кўра, август ойида еттита мамлакат марказий банклари ўз олтин захираларини 1 тоннадан кўпроққа оширди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Марказий банки август ойида 2 тонна олтин харид қилди. Бироқ йил бошидан буён мамлакат олтин-валюта захираларида олтиннинг физик ҳажми 17 тоннага камайиб, 366 тоннани ташкил этди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон олтин сотишда дунё бўйича етакчилик мақомини сақлаб қолмоқда.