• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон IT компаниялар учун кадр етказиб берувчидан жозибадор марказга айланмоқда — вазир


Бир неча йил ичида Ўзбекистон кадр етказиб берувчидан халқаро IT компаниялар ва мутахассисларни ўзига жалб қилувчи марказга айланди. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 23 сентябрь куни Тошкентда очилган анъанавий ICT Week 2025 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Gazeta`га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таъкидланишича, ёшлар нафақат Тошкентда, балки IT парклар очилаётган ҳудудларда ҳам юқори маошли иш топиш имконига эга бўляпти. Илгари ўз стартапларини йўлга қўйиш учун хорижга чиқиб кетган мутахассислар тобора кўпроқ қайтиб келмоқда.

«Парадигма ўзгарди ва бу бугунги куннинг асосий хабаридир», — дейди Шерзод Шерматов.

Ўз нутқида Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбари Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 7 фоиз атрофида барқарор ўсиб бораётгани, бироқ АКТ соҳаси ЯИМга нисбатан 3,7 баробар тезроқ ривожланаётганини таъкидлади. Бу, унинг сўзларига кўра, бутун МДҲ бўйлаб энг жадал ривожланаётган бозорлардан биридир.

Шерзод Шерматов.

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан кейинги даврда Ўзбекистон АКТ соҳасида хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 8,4 баробарга кўпайиб, 126 тадан жорий йилда 1182 тагача етди.

IT Park резидентлари сони 21 баробарга ошиб, 147 тадан 3064 тагача кўпайди. 2024 йилда IT хизматлар экспорти ҳажми 600 минг доллардан 901 млн долларгача юқорилади. Бугунги кунда Ўзбекистон 90 та давлатга IT хизматлар экспортини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон стартап экотизимининг ўсиш суръатлари бўйича Марказий Осиёда биринчи, дунёда эса иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакатда умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлган 600 дан ортиқ стартап, шу жумладан, иккита «яккашох» фаолият юритмоқда. 2020−2025 йилларда стартаплар 352 млн доллар инвестиция жалб қилди, шундан 265 млн доллари 2025 йилнинг ўзида амалга ошди.

Глобал АКТ ривожланиш индексида мамлакат бир неча йил ичида 37 поғона юқорига кўтарилиб, 2022 йилдаги 80-ўриндан 2025 йилда 43-ўринга чиқди. БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида (UN EGDI) 24 поғона юқорига кўтарилиб, 87-ўриндан 63-ўринга кўтарилди.

2030 йилга бориб Ўзбекистон IT хизматлар экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиш, 300 минг мутахассис тайёрлаш ва электрон ҳукумат даражаси бўйича дунёнинг етакчи 30 та давлати қаторига киришни режалаштирмоқда.

Шерзод Шерматов бунда сўнгги йилларда хорижий компанияларни жалб қилиш майдонига айланган IT Park`нинг ролини алоҳида қайд этиб ўтди. 2017 йилда мамлакатда хорижий капитал иштирокида атиги 4 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ҳар ойда 35 дан ортиқ янги парк резиденти рўйхатдан ўтказилмоқда.

«IT Park резидентларига имтиёзлар, жумладан, ноль солиқ ставкалари ва ҳудудларда ўз офисларини очаётганлар учун махсус шартларни таклиф этамиз», — дейди вазир.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

У сунъий интеллектни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Вазирнинг сўзларига кўра, бу йўналиш бир вақтнинг ўзида иқтисодиётни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишга қодир. У форум иштирокчиларидан ҳукуматнинг бу соҳадаги кейинги қадамларини ишлаб чиқиш учун ўз таклифларини билдиришни сўради.

«Истеъдодлар — мамлакатнинг асосий бойлиги»

Вазирнинг таъкидлашича, ICT Week`нинг асосий мавзуси инсон капиталини ривожлантириш бўлиб қолмоқда. Мамлакатда таълим соҳаси ислоҳ қилиняпти. Хорижий тилларни ўрганаётган ёшларга ёрдам кўрсатиляпти. Ўзбекистон Coursera каби глобал таълим платформалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. БААлик ҳамкорлар кўмагида «Бир миллион дастурчи» ва «Сунъий интеллект соҳасидаги бир миллион етакчи» каби ташаббуслар амалга ошириляпти.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

«Истеъдодларимиз мамлакатнинг асосий бойлигидир. Агар сиз уларни тайёрлашга, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган қизлар ва ёшларнинг таълимига инвестиция киритишга тайёр бўлсангиз, биз бу жараёнда сиз билан ҳамкорлик қиламиз», — деди Шерматов.

Тадбир ҳамкорлари, шунингдек, рақамли трансформацияни инсон капиталига инвестицияларсиз амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлади. Масалан, Хитой гигантларидан бири Huawei компанияси Ўзбекистон ёшларида етакчилик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган Huawei ICT Academy дастурлари ва Seeds for the Future ташаббусини амалга оширмоқда, дейди Huawei Uzbekistan директори ўринбосари Хэ Чжиюань.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Хэ Чжиюань.

DataVolt компанияси ҳам кадрлар тайёрлашга эътибор қаратмоқда. У Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ширин энергетика коллежи билан ҳамкорликда 30 нафар талабани маълумотлар маркази муҳандиси мутахассислиги бўйича ўқитадиган академияни ишга туширди. Улар мамлакатда бу соҳадаги илк мутахассислар бўлади, дейди компания катта вице-президенти Анил Вижаячандран.

Улар DataVolt томонидан Ўзбекистонда қурилаётган 12 МВт қувватга эга минтақадаги биринчи Tier III даражали маълумотлар марказида ишлаш имконига эга бўлади. Анил Вижаячандраннинг сўзларига кўра, марказни ишга тушириш келаси йилга мўлжалланган. Компания марказдан юқори самарали ҳисоб-китоблар ҳамда давлат ва тижорат булутли хизматларини жойлаштириш учун фойдаланишни режалаштирмоқда.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Анил Вижаячандран.

«Биз суверен ва тижорат булутли хизматлар, IT экспорти, маҳаллий стартаплар ва хорижий платформаларнинг ривожланиши ҳар ким ўз ўрнини топиши мумкин бўлган экотизимни шакллантираётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз», — дейди топ-менежер.

Хитойнинг ZTE компанияси Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда Power of New Generation («Янги авлод кучи») дастурини амалга оширмоқда. Дастур доирасида таълим тадбирлари ўтказилади ва талабаларга стипендиялар тақдим этилади, дейди компаниянинг минтақавий офиси бош директори Ван Гуандун.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Ван Гуандун.

Унинг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсиши нафақат рақамларда, балки инфратузилманинг ривожланишида ҳам кўзга ташланмоқда. «Биз янги аэропортлар, йўллар реконструкцияси, тезюрар магистраллар ва темирйўллар қурилишига гувоҳ бўляпмиз. «Рақамли йўллар»нинг ривожини кўряпмиз. Бу аҳоли фаровонлиги учун шароит яратади», — дея таъкидлади у.

Yandex Uzbekistan директори Иззат Шукуровнинг сўзларига кўра, келажак «AI native компаниялари»га, яъни сунъий интеллект технологиялари биринчи кунданоқ корпоратив маданият ва стратегияга сингдирилган компанияларга тегишли. Бироқ ривожланиш нафақат технологияларга, балки инсонларга ҳам боғлиқ.

«Ҳақиқий пойдевор — истеъдод ва таълимдир», — дея қайд этди у.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Иззат Шукуров.

Шу нуқтаи назардан, Yandex Uzbekistan раҳбари октябрь ойида Тошкентда машинали ўқитиш мактаби ишга туширилганини эслатиб ўтди. Лойиҳа сунъий интеллект асосларини чуқурроқ ўрганадиган ва жаҳон даражасидаги рақобатбардош технологияларни яратадиган мутахассисларни тайёрлаш майдонига айланади.

«ICT Week — тараққиёт кўзгуси ва йўл кўрсатувчи компас. Агар биз таълим, технология ва дадил фикрлашга сармоя киритишда давом этсак, бизда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди. Келажак рақамли, келажак инсониятники ва биз уни биргаликда қурамиз», — дея хулоса қилди Иззат Шукуров.

Invest Qatar компаниясининг маркетинг ва коммуникациялар бўйича директори Жассим Муҳаммад Ал-Наама стартапларга 500 минг долларгача бошланғич молиялаштириш ва бизнесни 5 млн долларгача кенгайтиришни қўллаб-қувватловчи Startup Qatar дастурига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган ICT Week`дан сўнг минтақадан, шу жумладан, Ўзбекистондан келадиган аризалар сони сезиларли даражада кўпайган.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Жассим Муҳаммад Ал-Наама

Uzum асосчиси Жасур Жумаев ўз экотизимининг ривожланиши ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистоннинг биринчи «яккашохи» рақамли инфратузилмага 300 млн доллардан ортиқ инвестиция киритди ва 12 мингдан ортиқ иш ўрни яратди. Натижада Ўзбекистон бозорига халқаро инвесторлар, шу жумладан, Tencent, VR Capital ва FinSight кириб келди ва уларнинг сони ўсишда давом этмоқда, дея қайд этди у.

Жасур Жумаев компаниянинг келгуси йиллардаги устувор йўналишларига тўхталиб ўтди: IT мутахассисларининг янги авлодини тайёрлаш, рақамли иқтисодиётда ўн минглаб иш ўринларини яратиш ва замонавий маълумотлар марказларини қуриш. Унинг фикрича, бу қадамлар Ўзбекистоннинг технологик суверенитетини мустаҳкамлайди ва мамлакатга IT соҳасида нафақат минтақавий, балки глобал ўйинчи позициясини эгаллаш имконини беради.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Жасур Жумаев.

Технологияларнинг асосий вазифаси мақсадга айланиш эмас, балки одамлар ҳаётини яхшилашдир, дея таъкидлади Халқаро электр алоқа иттифоқи (ITU) Электроалоқани ривожлантириш бюроси директори Космас Лакисон Завазава.

«БМТда учта P`га эътибор қаратамиз: people (одамлар), planet (сайёра) ва prosperity (фаровонлик). Технологиялар — яхшироқ ҳаёт учун имкониятлар эшигини очадиган ягона воситадир», — дейди ITU вакили.

Космас Лакисон Завазава дунёда 2,6 миллиард киши интернетга кириш имкониятига эга эмаслиги ва бунинг асосий сабаби рақамли кўникмаларнинг етишмаслиги эканини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамиятнинг вазифаси киберхавфсизлик ва рақамли таълимга алоҳида эътибор қаратган ҳолда технологияларни ҳамма учун очиқ ва хавфсиз қилишдан иборат.

ict week, акт, акт ҳафталиги, шерзод шерматов

Космас Лакисон Завазава.

У Ўзбекистоннинг сувости кабелларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган «икки карра қуруқлик билан ўралган» мамлакат сифатидаги муаммоларига алоҳида тўхталди.

«Бу жиддий чеклов, лекин инновацияда монополия йўқ. Ва мен мамлакат раҳбариятини рақамли ривожланиш двигатели бир жойда депсиниб турмаётгани билан табрикламоқчиман — оёқ газ педалида ва ҳаракат бошланди. Вазирнинг президент „Яна нима керак?“ деган саволни бераётгани ҳақидаги сўзлари мени ҳайратга солди. Бу жуда катта имконият ва уни қўлдан бой бериб бўлмайди», — деди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *