Дунёда 100 миллиондан ортиқ одам электрон сигарет (вейп) чекмоқда, уларнинг камида 15 миллиони 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирлардир. Бундай маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 2000 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда тамаки истеъмоли тенденциялари тўғрисидаги янги ҳисоботида келтирилган. Ҳисобот дунё аҳолисининг 97 фоизини қамраб олган 2000 дан ортиқ сўров натижаларига асосланган.
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, камида 86 миллион катталар вейплардан фойдаланади, улар асосан юқори даромадли мамлакатларда яшайди. Болалар вейпларни катталарга қараганда ўртача тўққиз баравар кўпроқ истеъмол қиляпти.
«Электрон сигаретлар никотинга қарамликнинг янги тўлқинини кучайтирмоқда. Улар [никотинга қарамликдан] зарарни камайтириш воситаси сифатида реклама қилинади, аммо аслида болаларни никотинга янада эртароқ ўргатади ва [тамаки чекишга қарши курашда] ўнлаб йиллар давомида эришилган ютуқларни йўққа чиқариши мумкин», — деди ЖССТнинг саломатлик детерминантлари, уни тарғиб қилиш ва профилактикаси департаменти директори Этьен Круг.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, глобал миқёсда чекувчилар сони камайиб бораётганига қарамай, тамаки эпидемияси ҳали тугамаган. Дунё бўйлаб тамаки истеъмолчилари сони 2000 йилдаги 1,38 миллиард кишидан 2024 йилда 1,2 миллиард кишигача камайди. 2010 йилдан буён уларнинг сони 120 миллион кишига ёки 27 фоизга пастлади. Бироқ сайёрадаги ҳар бешинчи катта ёшли одам ҳали ҳам тамакига қарам бўлиб қолмоқда, бу эса ҳар йили олдини олиш мумкин бўлган миллионлаб ўлимларга олиб келмоқда, дейилади ҳисоботда.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2024 йилгача барча ёшдаги эркаклар ва аёллар ўртасида тамаки истеъмолининг барқарор пасайиши кузатилмоқда, аммо айнан аёллар тамакидан воз кечиш жараёнида етакчилик қилмоқда. Ушбу аҳоли гуруҳи 2025 йилга келиб истеъмолни 30 фоизга қисқартириш бўйича глобал мақсадга беш йил олдин — 2020 йилда эришган. Аёллар ўртасида чекишнинг тарқалиши 2010 йилдаги 11 фоиздан 2024 йилда 6,6 фоизгача, тамаки истеъмол қилувчилар сони эса 277 миллиондан 206 миллионгача камайди.
Эркаклар, ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 2031 йилгача мақсадга эриша олмайди. Бугунги кунда дунёдаги тамаки истеъмолчиларининг 80 фоиздан ортиғи (деярли 1 миллиард) эркаклардир. Эркаклар орасида тарқалиш 2010 йилдаги 41,4 фоиздан 2024 йилда 32,5 фоизгача камайган бўлса-да, камайиш суръати жуда секинлигича қолмоқда, дейилади ҳисоботда.
