Ўзбекистонда Meta компанияси ваколатхонаси очилиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) хабар қилди.
ИЛМАда Facebook, Instagram, WhatsApp, Threads каби ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи Meta компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди ва қатор масалалар муҳокама қилинди, жумладан:
- Ўзбекистонда Meta ваколатхонасини очиш истиқболлари;
- Meta платформаларида рекламани илгари суриш ва уларни жойлаштиришда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;
- контентни монетизация қилиш;
- мамлакатдаги рақамли контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш.
«Томонлар рақамли платформаларни тартибга солиш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва адолатли монетизация тизимини ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди. Рақамли хавфсизлик, реклама шаффофлиги, масъулиятли рақамли хулқ-атворни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади агентлик хабарида.
Ҳозирда Meta компанияси Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар орасида энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 72 та хорижий компания томонидан жами 78,2 млрд сўм солиқ тўланган. Шундан қарийб 29 фоизи — 22,6 млрд сўм Meta компанияси ҳиссасига тўғри келади.
