Тожикистон пойтахтида 2030 йилгача йўллар ва пиёдалар ўтиш жойларида электр самокатлар, электрон скутерлар ва бошқа шахсий транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланди. Давлат рўйхатидан ўтганлари бундан мустасно. Бу ҳақда Душанбе халқ депутатлари мажлиси қарор қабул қилди, деб хабар беради ASIA-Plus.

«Бу қарор электр самокатлар ва электрон скутерлардан тартибсиз фойдаланишни тартибга солиш, улар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатига тўсқинлик қилишнинг олдини олиш, шунингдек, барча йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди», — дейилади Душанбе Ички ишлар вазирлиги бошқармаси (ИИВБ) хабарида.

Чеклов шаҳарнинг барча ҳудудларига тегишли, махсус ажратилган ҳудудлар бундан мустасно.

ИИВБ маълумотларига кўра, йил бошидан буён Душанбеда электр самокатлар ва электрон скутерлар иштирокида 26 та ЙТҲ содир бўлган. Уч киши ҳалок бўлган, яна 24 киши яраланган.

2024 йил декабрь ойида Тожикистон ҳукумати скутер эгаларига ўз транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишни ҳам мажбурий қилганди.