Ўзбекистон 2026 йилда ўз тарихида илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ўйнайди. Мундиал йўлланмаси — ўзбекистонлик мухлисларнинг неча йиллик орзулари рўёби. Шунинг учун ҳам футболга масъул барча ҳозир биринчи иштирок имкон қадар яхши бўлишига ҳаракат қилаётгани, шубҳасиз (гарчи айрим қарорлар, берилаётган изоҳларга қарамай, футбол жамоатчилиги учун тушунарсиз қолаётган бўлса-да).
Лекин бу жараёнда бир нарсани унутмаслик керак: мундиал шунчаки спорт мусобақаси эмас, балки ундан-да каттароқ ҳодиса. Шундай экан, унга футбол қобиғидан ташқарига чиқиб, кенгроқ маънода тайёргарлик кўриш тўғри бўлади. Бунда миллий терма билан боғлиқ ҳар бир детал устида айнан профессионаллар ишлаши, улар Ўзбекистонни танитиши мумкин бўлган ҳар бир имкониятдан жаҳон футбол мухлислари ёдида узоқроқ қолиш воситаси сифатида фойдаланилиши мақсадга мувофиқдир.
Замонавий футболда ўйиндан ташқарида ҳам кўплаб элементлар бор. Агар барчасидан етарлича фойдаланилса, Ўзбекистон мундиал орқали, мусобақадаги натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, халқаро жамоатчиликда ажойиб ва унутилмас таассурот қолдира олади.
2018 йилги Жаҳон чемпионатини эсланг, ўша мусобақадан қайси жамоалар ёдингизда қолган? Лука Модрич билан финалгача етиб борган Хорватиями? Испанияни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, чорак финалга чиққан Россиями? Балки финалдан-да гўзалроқ ўтган баҳсда мағлубиятга учраган Месси ва унинг Аргентинасидир? Ёки испанлар билан 6 та гол киритилган «отишма»да жаримадан ажойиб гол урган Роналду ва унинг ҳамюртлари?
Балки асосий вақтга қўшиб берилган 6-дақиқада нима қиларини билмай қолган немислар, ҳужумга чиқиб кетган дарвозабон Нойер, тўп билан очиқ дарвоза томон югураётган Сон Хён Мин ва унинг ватандошлари ёдингизда кўпроқ қолгандир? Ёки VAR’га қараб чопаётган ҳакамлар, ватандошимиз Равшан Эрматов бошқарган ўйинларни яхшироқ эсларсиз? Лекин буларнинг бари бевосита ўйин билан боғлиқ хотиралар. Ўша мундиалда ўйинлар бошланмай туриб мухлисларда ёрқин таассурот қолдирган терма жамоалардан бири Нигерия бўлганди.
Иссиқ изи совимай сотилиб кетган яшил «патли либос»
Нигерия терма жамоаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатида бирор оламшумул натижа кўрсатмади — гуруҳ босқичидаги биргина ғалаба (Исландия, 2:0) ва икки мағлубиятдан (Хорватия, 0:2; Англия, 1:2) сўнг мусобақа билан (кутилганидан-да эрта) хайрлашди.
Юқоридаги ва пастдаги Нигерия терма жамоаси либосларига оид барча суратлар дизайнер Мэтью Вольфнинг портфолиосидан олинди.
Лекин, натижа қандай бўлишидан қатъи назар, нигерияликларни бошқа жамоалардан яққол ажратиб турган бир жиҳат бор эди — уларнинг либоси. Ўша мундиални бошидан охиригача диққат билан кузатган мухлислар бу сатрларни ўқиб туриб, ўша ёрқин яшил формани бирдан эслаган бўлса ажабмас.


Нигерия миллий терма жамоасининг уй либоси дизайни 2018 йилги мусобақа олдидан Nike компанияси ва унинг катта дизайнери Мэтью Вольф томонидан тайёрланган. Тўплам 2018 йил 1 июнь куни илк бор сотувга чиқарилганида Nike’нинг Лондондаги дўкони олдида улкан навбатлар юзага келган, деб эслайди The Athletic.
BBC News маълумотларига кўра, Нигерия терма жамоасининг 2018 йилги Жаҳон чемпионати учун тайёрланган либосига олдиндан нақ 3 миллионта буюртма берилган, яъни форманинг дастлабки партияси бир неча дақиқадаёқ сотилиб кетган. Ўйин либоси (футболка) билан бирга савдога чиқарилган устки кийим, панама ва калта иштон (шортик)лар ҳам тезда тугаб қолган.

2016 йилдан 2020 йилгача Nike компаниясининг катта дизайнерлари бўлган Мэтью Вольф ва Питер Хоппинс Нигерия миллий терма жамоаси учун бу тўпламни тайёрлашда маҳаллий мухлислар, футболчилар ва Нигерия футбол федерациясини хурсанд қилишга эътибор қаратганди.
Nike’нинг расмий пресс-релизида ушбу тўплам «Нигериянинг жаҳон саҳнасида 1994 йили қилган дебютига эҳтиром» деб таърифланган. Терма жамоанинг 2018 йилги уй либосида «супер бургутлар»нинг 1994 йилги яшил формасига хос оқ-қора ёқа ва енгларни кўриш мумкин.

Тўпламни замонавий кўринишга келтириш, майдонда янада эътибор тортадиган қилиш учун дизайнерлар бургут патлари тасвирини мавҳумлаштирган ва уларнинг рангларни янгилаган: 2018 йилгача Нигериянинг уй либоси тўқ яшил рангда эди, аммо янги либос ёрқинроқ, енгилроқ бўлди.
Бу тўплам шонли 1990-йилларга ишора қилар ва мухлисларда ностальгик кайфият уйғотарди. Nike’нинг бу ишланмаси кейинчалик 2019 йилги Beazley Designs of the Year мукофотига ҳам даъвогарлик қилган.

Қолган мамлакатлар шаклланиб қолган анъаналардан кўп ҳам чекинмасликни афзал кўрган бўлса, Nike ва Нигерия нимадир янги нарса ўйлаб топа олди ва 2018 йилги мундиалнинг ташриф қоғозларидан бирига айланган формани тақдим этди. Мухлисларга нафақат футбол майдонида, балки шунчаки кўчада ҳам тортинмай кийиб юриш мумкин бўлган либос улашилган эди.
«Аксарият клублар ва уюшмалар анчагина эскича фикрлайди. Уларни одатда ёши каттароқ жаноблар бошқаради. Шунинг учун уларга нега айнан патлар акс этган ёрқин оқ-яшил либосдан фойдаланмоқчи эканингизни тушунтиришда қийналишингиз мумкин. Биз Нигерия футбол федерацияси президентини қилаётган ишимиз тўғрилигига ишонтириш учун унинг олдига футболчиларни бошлаб бордик. Бу биз томонимиздан қилинган кичик тактик ҳаракат бўлди», — деб эслайди Хоппинс.
Футбол либослари бозорида футболканинг чакана нархи расмий дўкон нархидан юқори бўлиши камдан-кам учрайди. Classic Football Shirts платформасида Нигериянинг 2018 йилги уй либоси одатда тавсия этилган чакана нарх (64,95 фунт-стерлинг ёки 88,35 доллар)дан камида икки баравар юқори баҳода сотилади.

Қиссадан ҳисса, «супер бургутлар»нинг 2018 йилги парвози унчалик баланд чиқмаган бўлса-да, жамоа ўзининг ёрқин либоси билан дунё футбол мухлисларининг ёдида қолганди, дейиш мумкин.
Тошкентга қайтиб
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўйиндан ташқари масалаларда чиройли юришлар қилиб кўрган. Масалан, 2002 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан бошлаб миллий терма ўйинларини кузата бошлаганлар бу тажрибани яхши эсласа керак.
Кадр: YouTube / SportTV
Юқоридаги кадр Ўзбекистон термасининг ЖЧ-2002 саралаши доирасидаги Иорданияга қарши биринчи ўйинидан: ҳакамнинг ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштагидан сўнг терма жамоа сардори Миржалол Қосимов ҳужумга ўтаётган шерикларини тўп билан таъминлашга шайланмоқда. Унинг либосига эътибор беринг.
Дид ҳаммада турлича, бу масалада тортишиб бўлмайди, хусусан, айнан шу либос қанчалик чиройли ё ундай эмаслиги ҳақида ҳар ким ўзича фикр билдириши мумкин. Аммо у миллий терма жамоамиз кийган либослар ичида энг ноодатийси дейилса, кўпчилик бу фикрга қўшилса керак.
Оқ футболканинг олдидаги яшил тасма бир тараф бўлса, Қосимовнинг елкасидаги шевронлар бошқа бир томон. Зийрак футбол мухлислари бу шевронлар спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Даниянинг Hummel компанияси ташриф қоғози эканини яхши билади.
2002 йилги саралаш кампанияси учун Ўзбекистон миллий терма жамоасини айнан Hummel кийинтирган эди. Бу компания 1986 йили худди ҳозирги Ўзбекистон каби мундиалдаги дебютига тайёргарлик кўраётган Дания терма жамоаси учун ёрқин, эсда қоларли либосларни тайёрлаган. The Athletic’нинг ёзишича, дунё енгига V-симон шеврон туширилган футбол либосларини айнан шу даврдан бошлаб билган.
Фото: Hummel
Бу андаза Дания терма жамоасидан сўнг ҳам яшашда давом этди, Европа бўйлаб қанчадан-қанча жамоалар Hummel билан ишлади (ва ишлаяпти). Масалан, «Тоттенҳэм»нинг 1985−87 йиллардаги ёқаси V шаклидаги оқ либосларига бинафшаранг Hummel шевронлари туширилган эди.
Фото: Classic Football Shirts
Яна бир мисол сифатида Hummel’нинг «Реал Мадрид» учун тайёрлаган либосларини келтириш мумкин. «Қироллик клуби» салкам 10 йил шу фирма либосларида ўйнаб, кетма-кет беш марта Испания чемпионлиги, икки марта Испания Кубоги ва яна шунча марта УЕФА Кубоги (ҳозирги Европа Лигаси)ни қўлга киритган.
Фото: Classic Football Shirts
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам мақола давомида номлари зикр этилган жамоалар каби нафақат футбол майдонида, балки унинг ташқарисида ҳам ёрқин ва эсда қоларли бўла олади. Бу мақсадга эришиш учун эса, керак бўлса, чет эллик мутахассислар хизматидан ҳам фойдаланиш зарур (масалан, терма жамоага атайлаб хорижий мутахассис олиб келинаётгани каби).
Шу ўринда, Ўзбекистоннинг 2025 йилги ҳаётидан бир мисол келтирсак. Япониянинг Осака шаҳрида ўтказилаётган EXPO 2025 жаҳон кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони шу вақтгача «Аъло меъморчилик — ярмаркалар ва кўргазмалар» йўналишида Германия дизайн мукофотининг олтин медалига лойиқ кўрилди. Бундан ташқари, ўзбек миллий павильони дизайн соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири — Red Dot Award’да «Кўргазма стендлари» номинациясида ғолиб деб топилди.
Бу медаллару мукофотлар — Ўзбекистоннинг Осакадаги «Билимлар боғи» номли павильонига соҳа мутахассислари томонидан берилган профессионал баҳо. Павильон жаҳон кўргазмасининг оддий томошабинларида ҳам зўр таассурот қолдиряпти, чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам миллийлиги, шу билан бирга, ноодатийлиги, оддий айтганда, чиройли экани билан эътиборни тортяпти. Осакадаги кўргазма тугагач, Германиянинг ATELIER BRÜCKNER студияси томонидан тайёрланган ушбу меъморий обидани (ҳа, у аллақачон шундай мақом олиб улгурди) Ўзбекистонга бутунлай қайтариш истаги ҳам шундан.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан кейин унинг техник ҳамкори ўзгаргани эълон қилинди (терма янги либосларда бир мусобақада ғолиб чиқишга ҳам улгурди). Бу янгилик футболимиз жамоатчилиги томонидан турлича кутиб олинди. Ушбу кутилмаган янгилик арафасида эса миллий термани кийинтиришга халқаро катта брендлар ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Жамоатчиликда Ўзбекистон ЖЧ-2026 да бирор ёрқин форма билан иштирок этади, деган кутилма ҳам, эҳтимол, шу сабаб пайдо бўлгандир.
Биз «миллий термани яна Hummel кийинтирсин» ёки «Nike ва Мэтью Вольфни ёллайлик!» деган фикрни илгари суришдан йироқмиз, аммо Осакадаги Ўзбекистон павильони билан боғлиқ мисолнинг ўзи ҳам халқаро даражада тан олинган профессионаллар билан ҳамкорлик Ўзбекистонга дунё миқёсидаги тадбирларда ўзидан яхши ва ёрқин таассурот қолдириш имкониятини тақдим эта олишини тасдиқлаб турибди.
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати ҳам ана шундай имкониятлардан бири (агар шундай имкониятларнинг энг каттаси бўлмаса). Бу имкониятдан тўғри фойдаланиш учун эса барча иш ўзининг ҳақиқий эгаларига, ҳақиқий усталарига топширилиши мақсадга мувофиқдир. Ҳар ҳолда, ҳали вақт бор.


