Зойир Мирзаев Тошкент вилоятида боғча болаларининг овқатдан заҳарланишига алоқадорларнинг ҳаммаси ишдан олиниши кераклигини айтди. Бу ҳақда вилоят ҳокими 6 октябрь куни Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ 20-сессиясидаги нутқида айтиб ўтди.
Ҳоким ўз мурожаатида 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларида 1922 нафар бола овқатдан заҳарланганини тилга олди.
«Бизларни ўшанда Худо асради. Агар вақтида дори-дармонлар, 5−6 миллиардлик дори-дармон бормаганда, билмайман, нима бўларди», — деди у.
Мирзаев ушбу иш бўйича 11 киши қамоққа олинганини қайд этди. «Аутсорсинг тизими қонун олдида жавоб беради… 11 киши бўлди қамоққа олинганлар. Ҳаммасини лавозимидан озод қилиш керак. СЭС раҳбарларини. Вилоятдан бошлаб ҳаммасини», — деди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, сессияда ҳокимнинг 2023−2025 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан Мурожаати тингланди.
Таъкидланишича, у ўз маърузасида кейинги йилларда вилоятнинг макроиқтисодий кўрсаткичларидан тортиб, камбағалликни қисқартириш, бандлик, миграция масалалари, аҳоли фаровонлигини ошириш, уй-жой билан таъминлаш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ерлардан самарали фойдаланиш, ижтимоий соҳалар ва туризм масалалари, вилоятда тадбиркорлик муҳити ва сармоявий жозибадорликни ошириш, хизматлар кўрсатиш, йўл-транспорт ва коммуникация, экспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати каби қатор муҳим жабҳаларида амалга оширилган ишлар, шу билан бирга, мавжуд имконият ва салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчиликларни таҳлилий ва танқидий руҳда баён этган.
Ўзи нима бўлганди?
Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида 25 сентябрь куни эрталаб маълум бўлди. Ўша куни кечқурун МТВ касалхоналарда 109 нафар бола, жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар ва Оққўрғон туманида 97 нафар бола борлигини маълум қилди, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланди.
Gazeta Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, вазиятни ўрганиш ҳамда ота-она ва мутасаддилардан маълумот тўплашган ҳаракат қилди.
26 сентябрь куни кечқурун Нурмат Отабеков Gazeta’га вилоятдаги шифохоналарга жами 1922 нафар бола заҳарланишдан шикоят қилиб мурожаат қилганини билдирди. Уларнинг 930 нафардан ортиғида касаллик тасдиқланмай, уйига жавоб берилган. 26 сентябрь куни эрталаб 961 нафар бемор рўйхатда турган бўлиб, улардан 941 нафарининг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўртача.
Болалар омбудсмани идорасининг маълум қилишича, воқеа бўйича 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Cанитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Gazeta манбасининг хабар беришича, оммавий заҳарланиши ортидан 7 нафар шахс ушланган. Уларнинг 3 нафари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона, қолгани аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари.
Кейинроқ Бош прокуратура Тошкент вилоятида боғча тарбияланувчилари заҳарланиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича бир нечта аутсорсинг компаниялари устидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олиниб, бош прокурор биринчи ўринбосари раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.