Ўзбекистон ахборот технологиялари вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда сунъий интеллект (СИ) ни ривожлантиришга бағишланган навбатдаги йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари сунъий интеллект соҳасидаги таълимни янада ривожлантириш, жумладан, вазирликлар, ҳокимликлар ва олий ўқув юртлари раҳбарларини ўқитиш, шунингдек, янги ўқув дастурларини яратиш бўйича топшириқлар берган. Университетлар орасида «Янги Ўзбекистон» университетига алоҳида эътибор қаратилди, унинг негизида сунъий интеллектни ривожлантириш кластерлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, сунъий интеллектни фаол ривожлантирган энг яхши олий ўқув юрти учун танлов ташкил этиш режалаштирилган.
Вазир президент ташаббуси билан ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион долларлик «President Tech Award» танлови таъсис этилганини эслатди. Энди бу лойиҳа кенгайтирилади — сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишланган алоҳида танловлар ўтказиш режалаштирилган.
«Президент сунъий интеллектни ривожлантириш фақат Рақамли технологиялар вазирлигининг вазифаси эмаслигини таъкидлади. Бу билан барча вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат тузилмалар шуғулланиши керак. Шу муносабат билан барча томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган Сунъий интеллектни ривожлантириш альянсини тузиш таклиф қилинди», — деди Шерматов.
Президент соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор лойиҳасини такомиллаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш учун қўшимча 100 миллион доллар ажратиш, шунингдек, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олувчи янги ечим тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
«Авваллари таклифлар мавжуд ресурслардан келиб чиқиб берилган. Энди, президент қўшимча инвестициялар ажратганидан сўнг, бир-икки йилдан кейин инвестицияларнинг рентабеллиги ўн баравар ошиши мумкин», — деди Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбари.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда маълумотларни қайта ишлаш марказлари қурилишига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган инвесторлар учун махсус режим яратиш режалаштирилган.
«Бундан мақсад Қорақалпоғистонга хорижий компанияларни кўпроқ жалб қилиш, инвестициялар оқимини рағбатлантириш ва ҳудудда замонавий технологияларни ривожлантиришдан иборат. Ҳудудда кўплаб дата-марказлар қурилгандан сўнг, албатта, малакали мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлади, бу эса ёшларга юқори маошли иш топишга имкон беради ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтиради», — деди Шерзод Шерматов.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Қорақалпоғистонда ёшлар ўртасида AI хакатон мисолида бундай тадбирлар амалиётини кенгайтириш бўйича топшириқ берди.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича дастурий концепцияга таълим, мактабларда ўқитувчиларни тайёрлаш, моддий-техник базани ривожлантириш, олийгоҳларда лабораториялар ташкил этиш, педагоглар малакасини ошириш ва уларни хорижга юбориш масалалари киритилади.
Йиғилишда президент, шунингдек, 1 миллион сунъий интеллект етакчиларини тайёрлаш ва сунъий интеллектни ўрганиш бўйича бепул онлайн курсларни кенгайтиришни топширган.