Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан таҳқирланган ва калтакланган Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ишини назоратга олди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
«Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонуний қарор қабул қилиниши юзасидан тегишли парламент назорати ўрнатилди. Ўз навбатида, Сенат қўмитаси қонун бузилиши ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан сенатор Малика Қодирхонова ҳам муносабат билдирди. У аёлни таҳқирлаш — жамиятни таҳқирлаш эканини таъкидлади.
«Бундай ҳолатлар нафақат бир инсоннинг қадр-қимматига, балки бутун тизимнинг обрўсига доғ туширади. Инсон қадри — давлат сиёсатидаги энг олий қадрият. Уни ҳимоя қилиш ҳар биримиз, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун муқаддас бурч бўлиши керак. Ҳеч ким, ким бўлишидан қатъи назар, қонундан устун эмас. Айниқса, қонунни қўллаши керак бўлган шахслар уни бузиши — икки карра жиноятдир», — деди у.
Сенат вакили мазкур ҳолат бўйича барча айбдор шахслар тўлиқ жавобгарликка тортилиши, тергов жараёнлари очиқ ва холис бўлиши, жабр кўрган аёлнинг ҳуқуқларини тўлиқ тиклашга чақирди.
«Инсон қадри устувор бўлган жамиятда бундай ҳолатлар мутлақо қабул қилинмайди. Бу воқеа биз учун жиддий сабоқ бўлиши, тизимдаги камчилик ва қонунбузилишларга қатъий баҳо берилиши лозим», — деди сенатор.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактаб директори Гулираъно Қосимова туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ва солиқ инспексияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги жанжал оқибатида жабрланганини Kun.uz`га маълум қилган эди.
У солиқ инспекцияси бошлиғидан ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатиш учун қарз сўрашга борган. Шу пайт фуқаролик кийимидаги ходимлар пайдо бўлиб, иккаласининг кийимларини йиртиб, уриб-дўппослашган.
«Соҳиб ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб, жойимдан учириб юборган. Тоҳир сочимдан тортиб келиб, юзимни камерага қаратган. Тепамда тўртта эркак, тўртта ички ишлар ходими турибди. Мен илтимос, четроқ туринглар, ҳеч бўлмаса кийимимни кийиб олай, аёл кишиман деяпман. Улар йўқ, бу ерда шартни сен эмас, биз қўямиз дейишяпти. Тўртта эркак менга қараб турди, уларнинг кўз ўнгида кийиндим», — дейди жабрланувчи.
«У ердаги атай ташкил қилинган саҳнани тасвирлаб бера олмайман. Чунки Ўзбекистонда бундай воқеа бўлишига ишонмаган бўлардим. ИИБ ходимлари, бизнинг тинчлигимни сақлаб берадиган одамларнинг ўзи бу даражада пасткашликка боришига ишонмагандим», — дейди Гулираъно Қосимова.
Фарғона вилояти ИИБ муносабати
Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати материалда қайд этилган барча ҳолатлар вилоят ИИБ томонидан назоратига олингани ҳақида хабар берди.
«Қолаверса, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи солиқ бошлиғига нисбатан фитна уюштиргани, бегона аёл шаънини булғагани ҳақидаги сўнги хабар ва унда келтирилган ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти», — дейилади хабарда.
Ички ишлар бошқармаси «тергов ва суд жараёнлари якунланмасдан туриб, тўлиқ асосланмаган маълумотларни оммага тақдим этиш ортидан фуқаролар орасида шов-шув уйғонганини» таъкидлади. Фуқаролардан суд ҳукми эълон қилингунга қадар ноўрин хулоса чиқармаслик сўралди.
«Қонунларимизда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини ҳам унутманг», — дея хулоса қилди бошқарма.
Жиноят иши
Олий суд матбуот хизматининг хабар қилишича, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ва ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Жасур Расуловга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилмоқда.
Тергов органининг хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:
- 141−1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари
- 141−3-моддаси (Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми «б» банди;
- 142-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш);
- 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми;
- 230−2-моддаси (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми;
- 234-моддаси (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми.
