• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу — ўтакетган ваҳшийлик». Зокиржон Алматов — Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни таҳқирлаган воқеа ҳақида


Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фурқат тумани ИИБ ходимлари томонидан мактаб директорининг таҳқирланиш ҳолатига муносабат билдирди. У бу ҳақда 7 октябрь куни ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Алматов ички ишлар идораларида ишлайдиган ҳар бир ходим ўзини психологик жиҳатдан тайёрлаши, жаҳлини жиловлай олиши кераклигини қайд этди.

«Бу — ўтакетган ваҳшийлик. У раҳбар [туман ИИБ бошлиғи — таҳр.] қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолган, деб ўйлайман. Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар идораси ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз», — деди у.

«Ҳар бир йиғилишда вазир, вазирлик раҳбарияти, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари ходимлардан шу нарсани талаб қилади: жаҳлингга эрк берма, жаҳлингни жиловла, одамларни аввал яхшилаб эшит. Қўлингни кўтарсанг, бошқа нарса қилсанг… Ҳатто бизга жаҳл қилиб, ўзини осиб қўйганлар ҳам бўлган», — дея таъкидлади вазир маслаҳатчиси.

У ички ишлар ходимларига мурожаат қилиб, уларга инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат билан муносабат қилиш кераклигини эслатди.

«Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғуларнинг ҳаммаси бизда бўлиш шарт. Сиз билан биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Тарбиялаш, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин. Лекин одам бўлмайдиганларнинг қонун бўйича жазосини беришимиз шарт. Шу боис бизнинг фаолиятимизда ҳар хил одамлар учраб туради».

Зокиржон Алматовнинг қўшимча қилишича, мазкур ҳолат бўйича махсус текширув олиб борилмоқда.

Яқинда Фарғона вилояти Фурқат туманида ИИБ ходимлари 34 ёшли аёлни туман солиқ инспекцияси бошлиғи билан бирга ечинтириб, калтаклагани маълум бўлди. Улар аёлни солиқ инспекцияси бошлиғи устидан ёлғон ариза беришга мажбурлаб, калтаклаган. Воқеа бир неча кундан бери кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда, ўз навбатида, бунинг бир бўғиндаги эмас, тизимли муаммо экани янграмоқда.

Сенат мазкур ишни назоратга олганини билдирган. Олий судга кўра, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва ўринбосари 6 та модда бўйича айбланмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *