4 октябрь куни президентнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони [ПФ-178] қабул қилинди.
Фармон «республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда бошқарув харажатларини қисқартириш мақсадида» қабул қилинди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг республика ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифа ва функцияларни рақамлаштириш ҳисобига уларнинг бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш юзасидан берилган таклифлари маъқулланди.
Фармон иловасига кўра, 2025 йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг жами 2141 та штати қисқартирилади. Қўмита, агентлик ва инспекцияларда эса раҳбар ўринбосарлари сони жами 16 тага қисқартирилади.
Шунингдек:
- 2025 йил 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштириладиган бошқарув штат бирликлари сони;
- қўмита, агентлик ва инспекцияларда мақбуллаштириладиган раҳбар ўринбосарлари штат бирликлари сони тасдиқланди.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
- соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши ва фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилишини;
- маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилишини;
- сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳияти ривожлантирилишини таъминлаши белгиланди.
Рақамли технологиялар вазирлиги вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларнинг вазифа ва функцияларини рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш, автоматлаштириш ҳамда рақамлаштириш бўйича ишлар олиб боради.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари:
- бир ҳафта муддатда марказий аппарат ва идоравий бўйсунувдаги ташкилотлар ходимлари сонини мақбуллаштириш бўйича комиссиялар ташкил этиш ҳамда қисқартириладиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди;
- штат бирликлари қисқартирилаётган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий амал қилиниши ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни таъминлаши керак.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чораларини кўради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида, шунингдек, давлат корхоналари бошқарув органларида камида бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимларини қисқартириш, шунингдек, бошқарув ходимлари сонини 10 фоиз миқдорида мақбуллаштириш ташаббуси билан чиқиши керак.
