Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тижорат банкларининг кредит карта амалиётларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Марказий банкка сўров юборди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.
Айрим тижорат банклари тақдим этган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Рақобатни қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4, 12, 19, 21 ва 23-моддаларига мувофиқ қуйидаги масалалар юзасидан Марказий банкка сўров юборилди:
- давлат ва нодавлат тижорат банклари фаолиятини ўрганиб чиқиш ва кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш;
- истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштириш ҳамда асоссиз олинган хизмат ҳақи пулларини қайтариш чораларини кўриш.
