2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида ички ишлар органларининг 12 нафар ходими томонидан пора олиш жинояти содир этилган. Бу ҳақда 7 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, полковник Жамшид Султонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Минг афсуски, бошқа соҳаларда бўлгани каби ички ишлар органлари ходимлари орасида хам шахсий манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган, соҳага адашиб кириб қолган ходимлар ҳали ҳам учраб турибди. Турли ҳуқубузарликлар, энг ачинарлиси эса, жиноят содир этган ходимларнинг хатти-ҳаракати жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлиб, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига, туну кун ҳалол меҳнат қилиб, қасамёдига содиқ бўлган минглаб ходимлар шаънига доғ туширмоқда», — дейди Султонов.

Унинг қайд этишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқаролар томонидан таклиф қилинган пора сифатидаги пулларни олмасдан, пора бериш жиноятини фош этишда шахсий ташаббус кўрсатган 213 нафар ходим рағбатлантирилган, пора таклиф қилган шахсларга нисбатан эса қонуний чора кўрилган.

Соҳавий хизматлар кесимида таҳлил қилинганида, энг кўп пора таклиф қилиниши ҳолати йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида бўлди — 109 та. Шунингдек,

  • ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида — 35 та;
  • тезкор-қидирув фаолияти йўналишида — 31 та;
  • жазони ижро этиш муассасаларида — 14 та;
  • миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида — 10 та;
  • жиноятларни тергов қилиш фаолиятида — 7 та;
  • Транспортда хавфсизликни таъминлаш департаменти фаолияти йўналишида — 3 та;
  • пробация йўналишида — 2 та ҳолатда хизмат вазифаларини бажараётган ходимга пора таклиф қилинган.

Маълум қилинишича, шу йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйган 99 нафар ходимдан 5 нафари лавозимидан озод этилган, 3 нафарига жарима, 4 нафарига қаттиқ ҳайфсан, 30 нафарига ҳайфсан ҳамда 57 нафарига танбеҳ интизомий жазолари қўлланди.