Сентябр ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга пасайиб, 12 фоизни ташкил этди. Бу Ўзбекистон Марказий банкининг сентябрь ойи учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари шарҳида келтирилган.
Айни пайтда, тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам ўтган ойга нисбатан 0,1 фоиз бандга секинлашиш кузатилиб, 11,7 фоизни ташкил этган.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида асосий хавотирлар коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия нархларининг қимматлашиши бўлиб қолмоқда. Иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши, транспорт хизматларининг қимматлашиши ҳамда валюта курсининг ўзгариши билан боғлиқ хавотирлар камайган. Қайд этиш жоизки, валюта курсининг ўзгариши бўйича хавотирлар сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши фонида ўзининг тарихий минимумларигача пасайган.
Аҳолининг инфляцион кутилмаларига таъсир этувчи омиллар.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларига таъсир этувчи омиллар.
Аҳоли вакиллари орасида энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, тадбиркорлар орасида энг юқори инфляцион кутилмалар ахборот технологиялари ва ОАВ соҳаси вакиллари орасида қайд этилган.
Аҳоли инфляцион кутилмаларининг юқори кўрсаткичи Сирдарё вилоятида, нисбатан паст кўрсаткич Бухоро вилоятида кузатилди.
Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан билдирилган.

Турли даромадга эга аҳоли вакиллари кесимида инфляцион кутилмалар.
Даромадлари 10 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланди.
Сентябрь ойи якунларига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,6 фоиз бандга пасайиб, 12,4 фоизни ташкил этди. Кутилмалар сўнгги беш ойда барқарор пасайиб келмоқда.

Сентябрда аҳоли томонидан сезилган инфляция.

Август-сентябрь ойларида аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий турдаги товар ва хизматлар.
Ўтган тўққиз ойда, аҳоли вакилларининг қайд этишича, гўшт ва сут маҳсулотлари энг кўп қимматлашган. Шунингдек, ёқилғи, электр ва табиий газ, дори-дармонлар ҳамда ўсимлик ёғи нархларида сезиларли ўсиш кузатилган.

Аҳоли томонидан сезилган инфляция ҳудудлар кесимида.
Сезилган инфляция даражасининг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция даражаси Хоразм вилоятида кузатилди.

Турли даромадга эга аҳоли вакиллари кесимида сезилган инфляция кўрсаткичи.
Даромадлари 10 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори шаклланган.
Пенсионерлар инфляцион кутилмалар бўйича энг кўп хавотир билдирган, шунингдек, юқори сезилган инфляция даражасини қайд этган аҳоли қатлами бўлиб қолмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрда Ўзбекистонда ойлик инфляция кўрсаткичи 0,6 фоизгача (августда — 0,4 фоиз) тезлашди, йиллик ҳисобда эса 8 фоизгача (августда — 8,8 фоиз) сезиларли секинлашди.
Сентябрда асосий маҳсулотлардан тухум нархида энг юқори ўсиш кузатилди, лекин йиллик ҳисобда у 3,4 фоизга арзонлашди. Шунингдек, гўшт маҳсулотлари бироз қимматлашди. Йиллик ҳисобда ўсимлик ёғи ҳамда гўшт маҳсулотлари нархида кескин ўсиш қайд этилди.
Бензин нархи сентябрда 1,4 фоизга (йиллик 11,8 фоиз), йил бошига нисбатан эса 5,9 фоизга (ўтган йилнинг шу даврида 0,3 фоиз) қимматлашди. Метан нархида сезиларли ўзгариш кузатилмади, шунга қарамай, ўтган йилнинг сентябрь ойига нисбатан 30,6 фоизга юқорилигича қолмоқда.
Январ-сентябрь ойлари учун инфляция ўсишига турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари, транспорт, озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар, маиший товарлар ва хизматлар, соғлиқни сақлаш нархлари ва тарифларининг ўзгариши энг кўп (умумий ўсишнинг 83,6 фоизи) таъсир кўрсатди.
