«Контехназорат» томонидан Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларидаги объектларда хизмат текширувлари олиб борилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Шофиркон туманидаги «Қулжуқтов» ва Конимех туманидаги «Товшан» тоғ массивларида жойлашган «Олтин кон» МЧЖ тасарруфидаги ҳудудларда ўтказилган текширувлар давомида бегона шахсларнинг ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолатлари аниқланган.
Ҳолатлар юзасидан материаллар Давлат хавфсизлик хизматига юборилган ва ДХХ вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўрилган. Хусусан, «Қулжуқтов» массивида ўтказилган тадбирда 37 нафар шахс ноқонуний фаолият юритаётган пайтда қўлга олинган.
Тадбир давомида 3 та Ford автомашинаси, 8 та перфоратор, 6 та компрессор ва таркибида олтин моддаси мавжуд бўлган 400 қопга яқин руда ва бошқа қўлбола ясама асбоб-ускуналар ашёвий далиллар сифатида олинган.
Ноқонуний фаолият орқали давлат ва жамият манфаатларига жами 20 млрд сўмдан ортиқ етказилган зарар аниқланди, дейилади хабарда.