Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунлади.
Суд ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 244−3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Алишер Турсуновга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга Интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Mubaşşir Ahmad ва Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Турсуновнинг 22 сентябрга белгиланган суд мажлиси 29 сентябрга, кейинроқ 2 октябрга ҳамда 8 октябрга қолдирилган эди.
18 сентябрь куни бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида давлат қораловчиси — Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244−1-модда (ОАВдан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернетдан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−3-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топишни сўраган эди. Давлат айбловчиси Алишер Турсуновни ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима қўллашни сўраган.
Уч нафар адвокат эса Алишер Турсуновдан 2 та модда: Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми ва 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди айбловларини олиб ташлашни сўраганди. Бундан ташқари, ҳимоячилар материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини билдирган. Шу сабабли уни Жиноят кодексининг 70-моддаси тартибда бекор қилишни, тергов органлари расмийлаштириб олган техника ва ашёларни қайтаришни сўраган.
18 сентябрдан сўнг 2 марта: 22- ва 29 сентябрь кунлари қолдирилган мажлисда судья Бобур Раҳимов айбланувчига сўнгги сўз берилиши ҳамда ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашув хонасига кириши керак эди.
Маълумот учун, 2023 йил август ойида Мубашшир Аҳмад 2017 йилда ташкил этган Azon New Media гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларини тўхтатганди. Шундан сўнг 2023 йил ноябрида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва турк) фаолият юритувчи Azon Global портали тест режимида ишга туширилган.
Мубашшир Аҳмаднинг ўзи ўша йилнинг 28 декабрь куни Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган эди. Полиция уни Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирган.
Ўшанда Истанбулдаги бош консулхона Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди. 2024 йил 21 февраль куни эса у депортация марказидан чиқарилган.
Турсунов 2025 йил февралда Ўзбекистон ИИВ томонидан халқаро қидирувга берилганди. 2025 йил 19 август куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида очиқ суд жараёни бошланган.