Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган италиялик мутахассис Фабио Каннаваро Кувайт билан бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувидан олдин матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.
Олдинда турган ўйин ҳақида ўз фикрларини айтар экан, Каннаваро, ўртоқлик учрашувига ҳам максимал тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади.
«Ҳар бир учрашув мен учун футболчилик давримда ҳам, ҳозир ҳам қийин. Ҳеч қачон тайёр бўлмаган ҳолда майдонга туша олмайсиз. Шу сабаб доимо футболчиларга максимал тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлайман. Ҳаттоки ўртоқлик учрашувларида ҳам», — деди бош мураббий.
Мутахассис иккита учрашув учун, шу йиғинга чақирилган футболчилардан фойдаланишни таъкидлади. У ҳужумкор футбол тарафдори экани, бироқ бу 90 дақиқа давомида ҳужум қилиш дегани эмаслигини қайд этди.
«Бу футболчилар мен томонимдан чақирилмаган бўлса-да, ҳозирда энг яхши ҳолатдаги ўйинчилар шу ерда. Биз мураббийлар штаби билан биргаликда ўйин ҳақида муҳокама қиламиз, бугун футболчилар билан ҳам гаплашамиз. Ким тайёр бўлса, албатта, майдонга тушади», — деди Каннаваро.
Бош мураббий журналистнинг сўнгги кунда Азизжон Турғунбоев ва Умар Эшмуродов йиғинга чақирилгани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди.
«Барча учрашувларни кўриб чиқдим ва Турғунбоев ҳамда Эшмуродовни таркибга чақириш кераклигини айтиб ўтдим. Терма жамоа ҳар бир футболчилар орзуси. Афсуски, таркибда икки нафар футболчимиз ҳам жароҳат олди» — деди у.
Тимур Кападзе билан ишлаш ҳақидаги саволларга эса Каннаваро у билан ишлаш борасида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди.
«Тимур Кападзе билан биргаликда, эрталабдан кечгача иш олиб боряпмиз, ўйин фалсафаларимиз ўхшаш. У ўзбек футболи бўйича улкан тажрибага эга. Менда маҳаллий мутахассис билан ишлаш борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Балки штабга яна бошқа маҳаллий мутахассисларни ҳам жалб этишимиз мумкин», — деди Фабио Каннаваро.
Мураббий ўйинда қўлланиладиган тактик схема ҳақида ҳам гапирди. У қўлламоқчи бўлган 3 ҳимоячили тактика ҳужум бошлашда тезкорликка эришишга имкон беришини таъкидлади.
«Тактик услублар бу шунчаки рақамлар холос. Уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш ҳимоявий кўринса-да, аслида ҳужум бошлашда тезкорликка эришишга имкон беради. Мен учун муҳими — майдондаги 11 футболчи бир-бирини қанчалик тушуна олиши. Фаолиятим давомида буюк мураббийлар билан ишладим, улардан кўп нарса ўргандим», — деди Фабио Каннаваро.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 9 октябрь куни Кувайт, 13 октябрда эса Уругвай билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.