Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни электротехника саноатини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда айтилишича, сўнгги йилларда бу йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий қувватлар яратилган, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари ортиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмга етди, экспорт эса 970 миллион долларни ташкил қилди.
Шу билан бирга, соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланди. Хусусан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортни диверсификация қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Айни вақтда мис маҳсулотлари экспортининг атиги 60 фоизи юқори қўшилган қийматли товарлар улушига тўғри келяпти.
Тақдимотда мамлакатда чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, мисни харид қилишда чегирма тақдим этиш, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона тўловлари бўйича енгилликлар бериш режалаштирилган.
Тармоқда анъанавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бирга юқори технологик турларини ўзлаштириш, жумладан, электроника ва ярим ўтказгичлар соҳасига кириб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Янги лойиҳалар ҳисобига келгуси йилларда Ўзбекистонда мис ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етиши кутилмоқда. Мутасаддилар ушбу хомашё базасидан фойдаланиб, унинг негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар тўғрисида ахборот берди.
Серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ва автоматика воситалари, смарт-карталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидан. Умуман, бу йўналишда 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.
Тақдимотда ҳудудлардаги электротехника технопаркларининг фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Айни пайтда миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга чиқариш имкониятлари кенгаймоқда. Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги европалик ҳамкорлар билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Евроиттифоқ талабларига мосликни тасдиқловчи «CE» белгиси берилади. Бу эса Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.
Давлат раҳбари режалаштирилган чора-тадбирлар ва лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, экспортнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиб, янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида Ўзбекистонда электротехника экспортини йилига 3 млрд долларга, ишлаб чиқариш ҳажмини эса 50 трлн сўмга етказиш режалари маълум қилинганди. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиш таклиф этилган.
Ўзбекистон электротехника ишлаб чиқарувчиларига йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар, 2027 йилгача солиқ имтиёзлари, маркетинг тадқиқотлари харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, давлат харидларида имтиёзлар ва яна бошқа кўринишдаги имтиёзлар ҳам берилган.
Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссиясига электротехника корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва бу учун бюджетдан маблағ олиш ваколати тақдим қилинган.
