Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегацияси Тошкент вилояти Янгиобод шаҳридаги собиқ уран конларида олиб борилган рекультивацион ишлар натижаларини кўриб чиқди, деб хабар қилди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Ташриф экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамроҳлигида ЕТТБнинг Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, Экологик реабилитация жамғармаси раҳбари Эстер Харландер томонидан амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, Янгиободда рекультивация ишлари 2023 йилнинг март ойида бошланган ва 2025 йил августида якунланган. Лойиҳа ЕТТБ кўмагида амалга оширилди. Иш бошланишидан аввал маҳаллий аҳоли ва тегишли ташкилотлар билан консультациялар ўтказилган.
Лойиҳа доирасида геодезик ўлчовлар ўтказилган, кириш йўллари қурилган, эски иншоотлар демонтаж қилинган, ифлосланган чиқиндиларни зарарсизлантириш учун полигон яратилган, шахта сувларини дренаж ва инфилтрация тизимлари билан таъминлаш ишлари бажарилган, соҳилбўйи чизиқлари мустаҳкамланган ва сувларни чиқариш учун қувурлар ётқизилган, дейди лойиҳани бошқариш гуруҳи раҳбари Вадим Королёв.
Унинг сўзларига кўра, бу ерда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик меъёрларига риоя қилиш, техник ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш ҳамда янгиободликларнинг таклифларини инобатга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов рекультивация ишлари тугаллангач, экотуризмни ривожлантириш учун ҳудудни ободонлаштириш, аҳолининг дам олиши учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.

Режага кўра, бутазорлар экиш, пиёдалар учун йўлаклар қуриш, атрофдаги майдонларни тозалаш ва ободонлаштириш, юзага келиши мумкин бўлган экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва шаффофликни таъминлаш учун онлайн видеокамералар ўрнатиш кўзда тутилган.
Экология вазирлигининг қайд этишича, ушбу чора-тадбирлар нафақат эришилган рекультивация натижаларини сақлаб қолиш, балки Янгиобод ҳудудини хавфсиз, обод, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибали жойга айлантириш имконини беради.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан доимий мониторинг ўрнатилиши, радиация даражаси паст бўлган ҳудудлар табиатга қайтарилишини таъкидлади. Айни пайтда мазкур ҳудудларда аҳоли ва ёшларни жалб этган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Экологик реабилитация лойиҳаси ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги 9 миллион евро миқдоридаги грант шартномаси доирасида амалга оширилди. Маблағлар Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркесар-2 даги (Наманган вилояти) объектлар рекультивациясига йўналтирилган.
Аввалроқ, 2024 йил август ойида Чоркесар-2 ҳудудида ишлар якунланиб, уран рудасини қазиб олиш оқибатларини бартараф этиш бўйича тўлиқ чора-тадбирлар комплекси амалга оширилганди.
Эски уран конларини рекультивация қилиш ионлаштирувчи нурланишни бартараф этиш, хавфсиз муҳит яратиш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган.
