Ўзбекистонда 2,1 мингдан зиёд давлат хизматчиси штати қисқартирилади
Ўзбекистонда 1 ноябрдан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг жами 2141 та штати қисқартирилади. Қўмита, агентлик ва инспекцияларда эса раҳбар ўринбосарлари сони жами 16 тага қисқартирилади.

Ўзбекистонда вазир ва ҳокимликка номзодлар коррупцияга қарши кураш режасини тақдим этиши керак бўлади
Ўзбекистонда бўлажак вазирлар ва ҳокимлар номзодлари Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларда кўриб чиқилаётганда коррупцияга қарши кураш режасини тақдим этишини талаб қилиш режа қилинмоқда. Депутатлар тегишли қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади.

Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Такаши Хатори фаолиятини якунламоқда
2022 йилдан буён Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ишлаб келаётган Такаши Хатори фаолиятини якунламоқда. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов у билан учрашувда келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон президенти 9−10 октябрь кунлари амалий ташриф билан Тожикистонда бўлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9−10 октябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё — Россия» иккинчи саммити ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этади.

Enter Engineering Ўзбекистонда АЭС қурилишига тайёргарлик ишлари учун субпудратчи сифатида танланди
Маҳаллий Enter Engineering компанияси Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига тайёргарлик кўриш учун субпудратчи сифатида танланди. Компания қурилиш ишларига танлов асосида жалб этилган. Ҳозирда у АЭС жойлашув майдонида қурилиш-монтаж базасини барпо этмоқда. Маош тўлаш билан муаммо бўлмаслиги айтилди.

«Сунъий интеллект жорий қилиниши натижасида арзон ва рақобатбардош электр энергиясига талаб ошади» — энергетика вазири
Иқтисодиётнинг барча тармоқларига сунъий интеллектни жорий этиш Ўзбекистоннинг арзон ва рақобатбардош электр энергиясига эҳтиёжини оширади. Президент СИга талабни инобатга олган ҳолда энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни топширди. Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилади.

1 мартдан маркировкаланган муддати ўтган товарлар савдоси автоматик равишда чекланади
2026 йил 1 мартдан рақамли маркировкаланган муддати ўтган товарлар савдоси автоматик равишда чекланади. 2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январга қадар ННТлар томонидан истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича ЕМО минтақасида энг тез ўсаётган бешта мамлакат қаторига киради — Жаҳон банки
Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,2 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Мамлакат 2025−2026 йилларда Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган бешта иқтисодиёт қаторида қолиши айтиляпти.

Сентябрда аҳолининг инфляцион кутилмалари 0,2 фоиз бандга пасайиб, 12 фоизни ташкил этди
Сентябрда аҳолининг инфляцион кутилмалари 0,2 фоиз бандга тушиб, 12 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларида ҳам ўтган ойга нисбатан секинлашиш кузатилиб, 11,7 фоизни ташкил этди. Кутилмаларда асосий хавотир — коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия нархларининг қимматлашишидан.

МБга кредит карта амалиётларида асоссиз комиссия ундирилаётгани юзасидан сўров юборилди
Рақобат қўмитаси тижорат банклари кредит карта амалиётларида асоссиз комиссиялар ундирилаётгани юзасидан Марказий банкка сўров юборди. Унда фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш ва асоссиз олинган хизмат ҳақини истеъмолчиларга қайтариш сўралган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари янги тарихий максимумга — $55 млрдга етди
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари янги тарихий максимумга — $55 миллиардга етди. Сентабрь ойида мамлакат олтин-валюта захиралари $4,9 млрдга (9,8 фоиз) кўпайди. Йил бошидан буён захиралар ҳажми 33,5 фоизга ўсди. Ўсиш асосан захирадаги олтин қийматининг ошиши (+$4,2 млрд) ҳисобига рўй берди.

Envirol Ўзбекистонда оқова сувларни тозалаш ва ёғларни қайта ишлаш лойиҳасига 50 млн доллар инвестиция киритади
Ўзбекистонда Envirol компанияси (БАА) иштирокида 50 млн долларлик оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилишича, компания ёғларни ушлаб қоладиган махсус фильтрлар ўрнатади ва уларни совун ҳамда ёқилғи сифатида қайта ишлайди.

Ўзбекистонда кичик АЭС қурилиши белгиланган муддатдан бир неча ой олдинда кетмоқда — дирекция
Ўзбекистонда кичик қувватли АЭС қурилиши белгиланган муддатдан бир неча ой олдинда кетмоқда. Дирекция раҳбари қайд этишича, режада декабрь охири — январь бошларига белгиланган тайёргарлик ишлари 9−10 октябрда бошланади. АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари эса ноябрь-декабрга режалаштирилган.

«Бу — ўтакетган ваҳшийлик». Зокиржон Алматов — Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни таҳқирлаган воқеа ҳақида
«Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз», — деди ИИВ раҳбари маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни ечинтириб, таҳқирлаган ҳолат бўйича. «Биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Инсонларга ғамхўрлик қилиш, ёрдам бериш учун ички ишлар ходимлари бор», — деди у.

Ўзбекистонлик 22 ёшли йигит Россиядаги қурилиш объектининг 5-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлди
Россиянинг Архангельск шаҳрида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси қурилиш объектининг 5-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Россия расмийлари унинг қурилиш асбобларини ташиётган пайтда мувозанатни йўқотиб, бетон плитага қулаганини билдирди. Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳолатни назоратга олди.

Тошкент вилоятида прокуратуранинг икки ходими 25 минг доллар билан ушлангани айтилмоқда
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг икки ходими фуқародан 25 минг доллар олаётганида ушлангани айтилмоқда. Улар жиноят ишини айбланувчилар фойдасига ҳал қилиш ва солиқ текширувларини ноқонуний, деб топиб беришни ваъда қилган. ДХХга кўра, мансабдорлар олдин ҳам 108 минг доллар олган.

Янги Ўзбекистон кўчасининг бир қисмида транспорт ҳаракати қисман чекланди
Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларидан ўтувчи Янги Ўзбекистон кўчасининг бир қисмида ҳаракат 20 октябргача қисман чекланди. Бу пайтда йўлининг юқори қатламига асфальт-бетон қопламаси ётқизилади. Кўчадан ўтувчи 190-автобус йўналиши вақтинча ўзгаради.

Чорвоқдаги Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси бўйича экологик экспертиза ҳали якунланмаган — компания
Sea Breeze Uzbekistan курорти лойиҳаси бўйича экологик экспертиза ҳали якунлангани йўқ. Компанияда таъкидлашларича, айни пайтда мажмуа ҳудудида тайёргарлик ишлари — майдонни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда. Эмин Агаларов ўз интервьюсида ушбу лойиҳа бўйича изоҳ берди.

Тўққиз ойда 12 нафар ички ишлар ходими пора олгани аниқланди — ИИВ вакили
2025 йилнинг 9 ойида 12 нафар ички ишлар ходими пора олиш жиноятини содир этди, деди ИИВ бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов. Ўз навбатида, таклиф этилган порани олмаган 213 нафар ходим рағбатлантирилди. Энг кўп пора таклиф қилиниши йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида кузатилмоқда.

Чилонзордаги Ал Хоразмий кўчасининг бир қисми 3 кунга ёпилади
Тошкент шаҳридаги Ал Хоразмий кўчасининг бир қисми 10 октябрь соат 09:00 дан 13 октябрь соат 09:00 гача транспорт учун ёпилади. Бунга кўчада тадбир ўтказилиши сабаб экани кўрсатилган.

Uzbekistan Airways Андижондан Москвага тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди
28 октябрдан бошлаб Uzbekistan Airways Андижондан Москвага тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди. Парвозлар ҳафтасига тўрт марта — сешанба, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Бухорода ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланган 37 киши қўлга олинди
ДХХ ва ИИБ Бухоро вилоятидаги «Олтин кон»га тегишли участкада бегона шахсларнинг олтин қазиб олаётганини аниқлади. Тезкор тадбирда 37 киши ушланиб, 20 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди.

Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга қамалди
Суд Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)ни 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Шунингдек, унинг интернетдаги саҳифалари ва Azon Global фаолияти тўхтатилиб, блокланадиган бўлди.

Навоийда эркак алиментдан воз кечмаган хотинини машинада уриб кетди
Навоийда эркак 4 нафар боласи учун алимент тўлаттиришдан воз кечмаган хотинини Damas’да уриб юборди. Жабрланувчининг умуртқаси синди ва белидан паст қисми фалаж бўлиб қолди. Эркакка йўл қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят иши очилган, бироқ у озодликда ва таҳдид қилишни давом эттирмоқда.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Ўзбекистон ММА ассоциацияси раиси этиб сайланди
Ўзбекистон Аралаш жанг санъати (ММА) ассоциациясига янги раиси этиб ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов сайланди. У бу лавозимда мудофаа вазири Баҳодир Курбанов ўрнини эгаллади. Ассоциацияга бундан аввал профессионал кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони Суннат Ильясов ва Отабек Умаров ҳам раислик қилган.

Кападзе билан фалсафамиз ўхшаш, у билан ишлаш борасида муаммо йўқ — Каннаваро
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Кувайтга қарши ўйиндан олдин футболчилар тайёргарлиги, тактик схема ва Тимур Кападзе билан муносабати ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Боксчи Баҳодир Жалолов ҳакамлар қарори билан Виталий Кудуховни мағлуб этди (видео)
Боксчи Баҳодир Жалолов россиялик Виталий Кудуховни ҳакамларнинг якдил қарор билан мағлуб этди ва ўз рекордини 16 та ғалабага (14 таси нокаут билан) етказди.

Кимё бўйича Нобель мукофоти металлорганик каркасларни ишлаб чиққанлик учун берилди
Кимё бўйича Нобель мукофоти 2025 йилда Сусуму Китагава (Япония), Ричард Робсон (Австралия) ва Омар Яги (АҚШ)га «металлорганик каркас тузилмаларини ишлаб чиққани учун» берилди.

АҚШ аэропортларида ҳукумат шатдауни туфайли рейсларнинг оммавий кечикиши бошланди
АҚШ ҳукуматининг бир ҳафтадан ортиқ давом этаётган шатдауни авиадиспетчерлар етишмовчилиги муаммосини янада кучайтириб, мамлакатнинг энг йирик аэропортларида парвозларнинг оммавий кечикишига сабаб бўлди. 7 октябрь куни кечикишлар бутун Қўшма Штатлар бўйлаб 3000 дан ортиқ рейсга таъсир қилди.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!
