АҚШ ҳукумати шатдауни фонида диспетчерлар ва бошқа парвозларни назорат қилиш хизматлари ходимларининг етишмаслиги мамлакат аэропортларида минглаб рейсларнинг кечикишига олиб келди, деб ёзмоқда Reuters АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) маълумотларига таяниб.
Шатдауннинг еттинчи кунида рейсларнинг кечикиши янада кўпроқ аэропортларга, жумладан, Ҳьюстон, Нэшвилл, Даллас, Чикаго О’Хара и Ньюарк шаҳарларига таъсир қилди.
Reuters агентлиги келтирган FlightAware сервиси маълумотларига кўра, 7 октябрь куни АҚШда 3 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган.
Тахминан 13 минг ҳаво ҳаракати диспетчери ва Транспорт хавфсизлиги бошқармасининг 50 мингга яқин ходими ҳукумат фаолияти тўхтатилган даврда ҳам ўз хизмат вазифаларини бажаришлари шарт, аммо уларга маош тўланмаяпти, дея қайд этди Reuters.
АҚШ транспорт вазири Шон Даффининг таъкидлашича, FAA касаллик туфайли таътилга чиққан авиадиспетчерлар сонининг кўпайганини қайд этган, баъзи штатларда эса шатдаун бошланганидан бери ҳаво транспорти ходимлари сони 50 фоизга камайган.
Даффи Fox News телеканалига берган интервьюсида тартибга солувчи органлар хавфсизлик учун масъул ходимлар етишмаслиги сабабли ҳаводаги самолётлар сонини камайтиришини таъкидлади.
«Бизда диспетчерлар бўлмаса-да, барибир ҳаво хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Шунинг учун ҳаво ҳаракати ҳажмини қисқартирамиз», — деди Даффи.
- АҚШдаги шатдаун 2025 йил 1 октябрда Конгрессдаги Республикачилар ва Демократлар партияси вакиллари янги молиявий йил учун бюджетни келиша олмаганидан кейин кучга кирди. Бу сўнгги етти йил ичида мамлакатдаги биринчи шатдаундир. Республикачилар ва Демократлар айбни бир-бирига тўнкади.
- АҚШда ҳаво ҳаракатини бошқариш бўйича мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ инқироз 10 йилдан ортиқ давом этмоқда, деб таъкидлайди Reuters. Кўплаб авиадиспетчерлар ҳукумат шатдаунидан олдин ҳам иш вақтидан ташқари ва олти кунлик иш ҳафтасида ишлаган.
